2019 йилнинг 1 июнидан Тошкент молия институтида Binary Graduate School магистатура дастури учун ҳужжатларни қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилади.
Дастур Малайзиянинг Binary бошқарув ва тадбиркорлик университети билан биргаликда ташкил этилган.
Binary университети 1984 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатда ўқув жараёнига амалий билимларни жорий қилиш ва талабаларда замонавий профессионал малакани шакллантириш бўйича етакчи мавқега эга.
Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги Элчихонаси маълумотига кўра, Binary Graduate School Ўзбекистон—Малайзия факультети ўқув дастури 2018 йил 26 ноябрда Малайзияда Тошкент молия институти ректори Улуғбек Азизов ва Бинарй бошқарув ва тадбиркорлик университети ректори Жозеф Адайкалам томонидан имзоланган.
«Бизнес бошқаруви», «IT менежмент» ва «Бухгалтерия ва молия» йўналишлари бўйича Тошкент шаҳрида ўқитиш 2019 йил октябрь ойидан бошланади. Машғулотлар давомийлиги «Бизнес бошқаруви» ва «IT менежмент» мутахассисликлари бўйича 18 ойни, «Бухгалтерия ва молия» йўналишида эса 24 ойни ташкил этади. Ўқув дастури якунида битирувчиларга икки олий таълим муассасасининг тегишли дипломлари берилади.
Изоҳ (0)