Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) профессионал боксчиларнинг июль ойи учун рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда GoSport хабар берди.
Унда ўзбекистонлик икки боксчи Шаҳрам Ғиёсов (8 та ғалаба, 6 та нокаут) ва Шоҳжаҳон Эргашев (16 та ғалаба, 14 та нокаут) юқорилашга муваффақ бўлди.
Супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Шаҳрам Ғиёсов ҳам, Шоҳжаҳон Эргашев ҳам янгиланган рейтингда олдинги ойга нисбатан бир поғона юқорилади. Шоҳжаҳон рейтингида тўртинчи ўринда қайд этилган бўлса, Шаҳрам Ғиёсов 10-ўринга жойлашди.
Эслатиб ўтамиз, Ғиёсов аввалги жангида америкалик Эммануэл Тейлорга қарши рингга кўтарилиб, рақибини очколар ҳисобига мағлубиятга учратганди. Эргашев эса россиялик Максим Чурбановни учинчи раунддаёқ нокаутга учратиб, жангни муддатидан аввал ўз фойдасига ҳал этганди.
Рейтингда супер ярим ўрта (-69,85 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Исроил Мадримов (3 та ғалаба, 3 та нокаут) июнь ойидаги ўрнидан икки поғона пастлаб 8-ўриндан жой олди.
Қайд этиш жоиз, Исроил 9 июнь куни бўлиб ўтган жангда мексикалик Норберто Гонсалесни 6-раундда нокаутга учратиб, ғалабани танатана қилганди.
Иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Муроджон Аҳмадалиев (6 та ғалаба, 5 та нокаут) ўтган ойдаги каби иккинчи ўринда қолди.
Маълумот учун, Муроджон АҚШнинг Инглвуд шаҳрида бўлиб ўтган жанг оқшомида мексикалик собиқ чемпиони Карлос Карлсонни муддатидан аввал мағлуб этганди.
Ўзбекистонлик бошқа спортчилар рейтингдан ўрин олмаган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)