Uzbekistan Airways авиакомпанияси ўз сайтида уй ҳайвонларини ташиш қоидаларини яна бир бор тушунтириб берди.
Хабарда уй ҳайвонлари ва қушларни самолётда олиб учиш қоидалари, авваламбор, йўловчи бораётган ёки транзит ўтаётган мамлакат қонунларига асосан белгиланиши айтиб ўтилган. Хусусан, йўловчи ўзи билан бирга олиб бораётган жонзот қабул қилаётган мамлакат талабларига мувофиқ, ветеринар органларнинг сертификатлари ва рухсатномаларига эга бўлиши керак.
Иккинчидан, жониворлар ва уларнинг контейнерлари оғирлиги йўловчилар учун рухсат берилган юклар ҳисобига кирмайди ва қўшимча юк сифатида тўлов олинади.
Учинчидан, самолёт салонида олиб учиш учун уй ҳайвони ва унинг қафаси вазни 8 килограммдан ортиқ бўлмаслиги керак. Вазни 8 килограммдан ортиқ бўлган уй ҳайвонлари самолёт юкхонасига жойлаштирилади.
Фақатгина кўзи ожиз кишиларга йўл кўрсатувчи итларни — вазни чекланмаган ва қўшимча тўловсиз олиб ўтишга рухсат берилади. Бунинг учун йўл кўрсатувчи итлар бўйинбоғ, тумшуқбоғга эга бўлиши, йўловчининг эса тегишли маълумотномаси бўлиши керак.
Изоҳ (0)