Бельгиялик ҳимоячи Томас Вермален эркин агент сифатида Япониянинг «Виссел Кобе» клубига ўтди. Бу ҳақда клубнинг Twitter’даги расмий саҳифасида эълон қилинди.
Футболчи билан тузилган шартнома шартлари ошкор қилинмади.
Маълумот учун, 33 ёшли Вермален «Аякс» тарбияланувчиси ҳисобланади. У фаолияти давомида «Ваалвейк», «Арсенал», «Барселона» ва «Рома» клубларида тўп сурди. Бельгия терма жамоаси таркибида умумий ҳисобда 70 та учрашув ўтказиб, 1 та гол уришга муваффақ бўлди.
Вермален «Барселона» сафида фаолиятидаги (гарчи деярли майдонга тушмаган бўлса ҳам) энг катта муваффақиятга эришди. Каталония клуби билан у 4 марта Испания чемпионига айланди, 2 маротаба Испания Кубогини қўлга киритган бўлса, УЕФА Суперкубоги, Европа Чемпионлар Лигаси ва клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионатида биттадан ғалаба қозонди.
Бундан ташқари, у «Аякс» билан Нидерландия чемпиони бўлди, шу билан бирга, Вермален 2 бор мамлакат Суперкубоги ва Кубогига эга чиқди.
Шунингдек, Вермален ҳисобида Англия Кубоги ҳам мавжуд («Арсенал»).
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)