«Дарё» колумнисти, блогер Эльдар Асанов Тошкент ва республиканинг бошқа шаҳарларидаги ободончилик ишларига ҳамда бу билан боғлиқ муаммоларга ўз муносабатини ва таклифларини билдиради.
Ўзбекистон катта қурилишга айланиб қолди. Қаерга борманг қурилиш. Тошкентда ҳам, вилоятларда ҳам. Бу яхши бир қарашда: янги бинолар кўпайиб, шаҳарларнинг чиройи очилади. Лекин масалани чуқурроқ ўргансангиз, вазият мураккаблиги кўзга ташланади.
Пойтахтни, шаҳарларни, туман марказларини янги биноларга тўлдириб, республика раҳбариятига ўзини кўрсатишга уринаётган ҳокимлар-у катта-кичик амалдорлар ҳовлиқиб, ўзларининг бу ишларда мутлақо тажрибасизлигини кўрсатиб қўяпти. Хабар сайтларини кузатсанг, бир кун тадбиркорга тегишли бино рухсатсиз, тегишли ҳужжатсиз бузиб ташланган; бир кун оддий одамлар бузилиш васвасасига тушиб қолган амалдорчалар туфайли кўчада қолган; бир кун ёш бола вайроналар ичида қолиб кетиб, Ўзбекистонда кичик Сурия даҳшатларини бошидан кечирган...
Ўзингизни босиб олинг, афандилар! Куч ишлатиб уйларимизга тараққиётни олиб кириб бўлмайди. Яхшиликка ёмон воситалар билан эришиб бўлмайди. Советча услублардан воз кечинг. Одамларни эшитишни ўрганинг. Улар сизлардан бор-йўғи инсоний муносабатни талаб қиляпти. Балки мақсадингиз олийжанобдир, лекин одамларнинг ёдида чиройли бинолар эмас, улардан олдин орқа-кетга қарамай амалга оширилаётган бузилишлар қоляпти.
Қурилаётган янги биноларнинг сифати – алоҳида мавзу. Савол туғилади: ўзи бу янги қурилишлар шаҳарларнинг файзига файз қўшяптими, ростдан уларни замонавийлаштиряптими? Янги кўп қаватли уйлар тўкилиб кетаётгани, кучли ёғингарчиликка чидолмаётгани ҳақида-ку, кўп ёзилди. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор: қурилаётган «янги» бинолар яқинда қурилгани билангина диққатга сазовор. Уларнинг бари бир-бирига ўхшаш қилиб (ранги ҳам бир хил!), шоша-пиша қурилгани туфайли шаҳарларимиз меъморчилигини бойитмаяпти. Аксинча, шаҳарлар бир-бирига ўхшаб қоляпти, ўзига хослигини ва файзини йўқотяпти. Биринчи марта Қўқонга борган одам уни Шаҳрисабз билан чалкаштириб юбориши ҳеч гапмас. Салкам уч минг йиллик кўҳна Самарқанднинг аҳволини кўрганда, дилимдаги оғриқни яшира олмайман. Кичик туман марказларини-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Ўзбекистоннинг кичик шаҳарлари аллақачон қўнғир тусдаги беўхшов бинолар уюмига айланиб қолди. Қурилишлар шаҳарлар чиройини очмади, уларни ўзига хослигидан маҳрум қилди.
Шундай қилиб, менинг назаримда, шаҳарларимизни замонавийлаштириш, биноларни янгилаш бўйича қилинаётган ишлар асосан тескари натижа бермоқда.
Одатда бирор танқидий нарса ёзсанг, «ҳадеб нолийвергандан кўра бирор таклиф бер ундан кўра», деб оғзингга уришади. Аслида ҳар қандай танқидчи ҳам таклиф бериши шарт деб ўйламайман, лекин ўзбек журналистикаси ва блогосферасининг профессионаллик даражаси ҳам ҳозирча етарли эмаслигини тан оламан. Танқидлар доим ҳам конструктив эмас, муаллифларимиз ҳиссиётларга берилади, фактлар билан, манбалар билан ишлашни талаб қиладиган юқори журналистика ривожланишига эса ҳали анча бор. Менинг юқорида ёзганларим ҳам жуда асосли, жуда конструктив танқид эмас. Шунчаки, охирги янгиликларга муносабатимни билдирай дедим. Ўзимни оқлаш учун ўз таклифларимни бериб ўтаман. Хайриятки, бу мавзуда анчадан буён ўйлаб юрган таклиф ва тавсияларим бор.
Тошкент шаҳри, Самарқанд, Наманган сингари иккинчи даражадаги шаҳарлар, Жиззах, Шаҳрисабз сингари «юз мингчилар», туман марказлари – буларнинг бари Ўзбекистоннинг урбанистик (шаҳарчилик) капиталини ташкил этади. Ва ҳаммаси умумий муаммоларга эга. Бу муаммолар биринчи галда ҳал этилса, улар кўркам, яшаш учун қулай шаҳарларга айланиб қолади. Бунинг учун гигант қурилишларга сарфланаётган маблағнинг бир қисми қуйидагиларга йўналтирилса яхши бўлар эди:
- Бизга чиқинди ташлайдиган қутилар (урналар) зарур. Жуда кўп! Тошкент шаҳрида баъзан қўлимдаги пакетни ёки баклажкани ташлаш учун урна тополмай қоламан. Чекка туман марказларини гапирмаса ҳам бўлади. Ҳар 50–100 метрда урналар бўлиши шарт. Урналар фақат кўчаларда, боғларда эмас, боғча, мактаб, университетларда, барча биноларнинг киришида, уларнинг ҳар бир қаватида, бозорларда, супермаркетларнинг ҳар бурчагида, автобус бекатларида, метро станцияларининг ичида бўлиши керак. Пластик, қоғоз ва бошқа турдаги чиқиндилар учун алоҳида урналар ўрнатилиши керак. Шунинг ўзиёқ шаҳарларимизнинг озодалик даражасини кескин ошириб юборади. Ҳар қадамда урналар бўлса, одамларнинг кўпчилиги улардан албатта фойдаланади;
- Шаҳарга кўпроқ очиқ, эркин ҳудудлар керак. Булар: майсазорлар, дарахтзорлар, кичик боғлар (ҳокимлик мегаломаниясини намоён этувчи Ашхобод сингари боғларни назарда тутмаяпман), шунчаки ўриндиқлар, стол-стуллар ўрнатилган очиқ кортлар, очиқ майдонлар, фавворалар ва ҳ.к.
Одамлар ҳордиқ чиқаришга, бир-бири билан суҳбатлашишга, иссиқ кунларда салқин жойда дам олишга муҳтож. Талабалар ва ишчилар стол-стулли очиқ кортларда ўтириб овқатланади (ресторан ва қаҳвахоналарда овқатланиш одатда қимматроқ бўлади, шу боис дунёнинг энг ривожланган шаҳарларида аҳоли бемалол овқатланиши учун шундай жойлар яратиб қўйилган), дарс қилади; боғларда, майсазорларда, дарахтзорларда ўтириб дам олади, суҳбатлашади, болалар ўйнайди; очиқ майдонларда велосипедчилар, ролик ишқибозлари тўпланади, ижодкор ёшлар ҳаваскор концертлар бериш учун бепул майдончага эга бўлади; фавворалар атрофи оилавий ҳордиқ чиқариш марказларига айланиб қолади – ишдан қайтган одамлар болаларини ўйнатгани олиб чиқади, кечки салқинда уларни музқаймоқ билан меҳмон қилади. Шаҳарларимиз мана шундай ҳудудларга муҳтож. Ҳар бир кварталда биттадан мана шундай ҳудуд бўлиши лозим. Биз эса борларидан ҳам унумли фойдаланмаяпмиз.
Дархонда мана шундай бир хиёбон бор. Жуда ажойиб – салқин, сердарахт жой. Боз устига, ёғочдан ишланган ажабтовур ҳайкаллар уни ўзига хос жойга айлантиради. Мана шундай зўр хиёбон бўшаб ётибди. Сабаби – ўриндиқлар олиб ташланган (биттагина қолган) ва тўсиқ билан пиёдалар йўлкасидан ажратилган, у ерга кириш учун фалон ердан айланиб келиш керак. Уйлар, бинолар орасида қолиб кетган яна қанча кичик хиёбонларни, хусусан, Гагарин кинотеатри қаршисидаги дўконлар тўсиб қўйган, каптарлар тўпланадиган ажойиб хиёбонни эсга олиш мумкин;
- Бинолар, муассасалар, уларнинг атрофидаги яшил ҳудудлар аҳоли учун очиқ бўлиши керак. Расмий бинолар ваҳми одамларни ҳуркитади. Шаҳар марказидаги монументал бинолар атрофидаги салқин дарахтзорлар, майсазорлардан аҳоли фойдалана олмайди. Бундай ҳудудлар шаҳарликлар учун очиқ ҳудуд бўлиши лозим (ахлат бўлиб кетмаслиги учун чиқинди қутилари ўрнатилса кифоя). Биноларга кириб чиқиш эркин ва осон бўлиши лозим. Бу аслида ички туризмнинг бир қисми – одамлар ҳали Тошкентдаги кўп бинолар билан яхши таниш эмас. Навоий номли кутубхонада, Адлия вазирлигида, суд биноларида ва бошқа ташкилотларда ташрифчилар учун очиқ қаватлар ташкил этилишига нима дейсиз?
- Шаҳарлар санъатга муҳтож. Катта-кичик ҳайкаллар, монументал суратлар, гулзорлар – булар шаҳарнинг кўркини, шаҳарликларнинг баҳри дилини очадиган нарсалардир. Афсуски, Ўзбекистон шаҳарларида санъат жуда кам. Буни ҳеч бўлмаганда Озарбайжон пойтахти Бокудан ўрганишимиз мумкин – у ерда шаҳарликларнинг севимли маскани, мана шундай ҳайкаллар, гулзорлар ва фаввораларга тўла Торговая кўчаси ва Соҳил боғи бор;
- Шаҳар инфраструктураси шаҳарликларга чиройли осмонўпар бинолардан кўра муҳимроқдир. Шаҳар яшаш учун қулай бўлиши керак. Йўлларнинг равонлиги, жамоат транспорти сифатли ва тезкор ишлаши шаҳарнинг шаҳарлигини белгилайди. Агар Тошкентда автобусда бир ерга бораман десангиз, кечикишингиз тайин: аниқ графикларни топиш мушкул, автобуслар нуқул кечикади, кечикмаганида эса тўлиб-тошиб, фойдаланиш учун жуда ноқулай бўлади (автобусларнинг оғирини енгил қилиб турадиган троллейбус ва травмайнинг-ку, баҳридан ўтвордик). Хуллас, соатдай ишлайдиган жамоат транспорти шаҳарнинг қулайлигини ўн карра оширади. Шаҳарликлар мобил телефони орқали қайси автобус, қайси метро йўналиши поезди соат неччида келишини билса, шунга қараб йўл режасини тузса, одамларнинг мушкули осон бўлади: улар бекатларда ярим соатлаб автобус кутишдан қутулади, кеч қолишлар камаяди. Буни Google Maps’га шаҳар жамоат транспорти ҳақидаги маълумотни киритиб ҳал қилса бўлади.
Дарвоқе, транспорт шаҳарнинг барча нуқталарини тўлиқ қоплаши жуда муҳим;
- Шаҳарда тунги ҳаёт бўлиши лозим. Шаҳарда йўллар узоқ, кечки навбатда ишлайдиганлар ҳам кўп. Улар, тун-у кун ишлайдиган жамоат транспортидан ташқари, ёпилмайдиган дўконларга, тамаддихоналарга, супермаркетларга, ҳордиқ чиқариш жойларига муҳтож; ишдан кейин бир ерда ўтириб дам олишга ёки оилавий сайр қилишга муҳтож.
Жамоат ҳожатхоналари ҳам шундай муассасалар қаторига киради. Шаҳарларда эрта-ю кеч ишлайдиган бепул ҳожатхоналар етарли миқдорда бўлиши керак;
- Дам олиш кунларида шаҳарликлар вақтини бошқачароқ, мазмунлироқ, мароқлироқ ўтказишга уринади. Бунга шароит қилиб бериш керак. Аввало, юқорида тилга олинган муассассалар одатдагидан кўпроқ – тунги 02:00–04:00 ларгача очиқ бўлиши лозим. Шунга яраша, метро поездлари, автобуслар ҳам тунги 02:00–04:00 ларгача қатнаши лозим (масалан, Вашингтон шаҳрида шундай). Тунда транспорт топиш Тошкентнинг энг катта муаммоларидан биридир.
Бундан ташқари, дам олиш кунларида бепул концертлар, томошалар ўтказиш, шаҳарнинг ва унга қўшни ҳудуднинг диққатга сазовор жойларига арзон сафарлар ташкил этиш мумкин. Масалан, мен якшанба куни оилам билан Тошкент вилоятининг бирор гўзал масканига бориб келишни хоҳлайман. Бунга кўп пул сарфлашим, машина қидириб юришим керак, кечки пайт қайтишда машина янада каттароқ ва қимматроқ муаммога айланади. Туристик фирмалар мана шундай бир кунлик арзон сафарларни ташкил этса, автобус билан одамларни гуруҳ-гуруҳ қилиб айлантириб келса, ўйлайманки, талабгор жуда кўп бўлади.
Энг муҳими, шаҳарларни ободонлаштиришда бир нарсани асосий принцип қилиб олиш лозим: шаҳарнинг кўркини очадиган нарса янги бинолар эмас, шу шаҳарларда истиқомат қилувчи одамлардир. Шундай экан, шаҳар одамлар яшаши учун қулай бўлиши, кўчалар одамларга тўлиб туриши лозим. Бунинг учун эса одамлар шаҳарга эмас, шаҳар одамларга хизмат қилиши лозим. Бизга жонсиз ваҳимали янги бинолар эмас, яшаш учун қулай шаҳар ва шаҳарчалар керак.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)