Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактум ва Иордания маликаси Ҳайя бинт ал-Ҳусайн расман ажрашаётганларини эълон қилди, деб ёзади «News.ru».

Фото: Global Look Press

Лондонда бўлиб ўтадиган ажрашиш жараёнида мол-мулк эмас, фарзандлар ким билан қолиши масаласи ҳал этилади.

Хабарда айтилишича, Лондон судидаги илк эшитувлар 30—31 июль кунлари бўлиб ўтади. Ажрашиш тўғрисидаги аризалар аллақачон судга топширилган.

«Бу эшитувлар болаларнинг кейинги тақдири, уларнинг фаровонлигига доир бўлади, молияга тегишли бўлмайди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, қочиб кетган малика манфаатларини адвокат Фиона Шеклтон ҳимоя қилади. У малика Диана ва шаҳзода Чарльзнинг ажрашиш жараёнида иштирок этган. Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактум эса ўз навбатида ҳуқуқшунос Элен Уордни ёллаган бўлиб, у қўшиқчи Мадоннанинг ажрашиш жараёнида иштирок этган.

Иорданиянинг марҳум подшоҳи Ҳусайн ибн Талалнинг қизи, Иорданиянинг ҳозирги подшоҳи Абдуллоҳ II синглиси, 45 ёшли малика Ҳайя Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид ал-Мактумга 2004 йилда турмушга чиққан эди. У шайхнинг олтинчи ва кенжа рафиқаси бўлди. Амирнинг барча хотинларидан 23 нафар фарзанди бор.