Маълумки, жорий йилнинг 18 июль куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрганида қатор топшириқлар қатори, вилоятда истиқомат қилувчи аҳолини малакали мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказиш бўйича топшириқлар берган эди, деб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 20 июль кунидан «Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!» шиори остида вилоят аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Ушбу йирик ижтимоий тадбирдан асосий мақсад, биринчи навбатда, ҳудуддаги аҳоли ўртасидаги статистик маълумотларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш, иккинчидан, сурункали кечувчи — кардиологик, эндокринологик, дерматологик, неврологик, гинекологик, урологик сингари бир қанча йўналишдаги хасталиги мавжуд беморларни диспансер назоратига олиш ва шу аснода уларни бирламчи тиббий профилактика назоратидан тортиб, профилактикасини тўлақонли ўтказишга қаратилган. Учинчидан эса, ушбу тадбирда малакали мутахассислар билан бирга аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишда фаол иштирок этаётган маҳаллий шифокорлар бир вақтнинг ўзида ўз билим кўникмалари ва тажрибаларини янада ошириш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
Бундай кўрикларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, аҳоли ўз ҳудудидан чиқмаган ҳолда республика даражасидаги сифатли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш имкониятидан баҳраманд бўлмоқда. Агар бир беморда бир неча турдаги касаллик мавжуд бўлса, у айни йўналишдаги тор соҳа мутахассислари иштирокида шу ерни ўзида консилиуми асосида муолажа тайинланмоқда.
Ўтказиладиган кўрикларнинг сифат ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлар директорлари, академиклар, илмий-текшириш институтлари, нуфузли республика клиник шифохоналарининг етакчи олимлари, тиббиёт фанлари докторлари ва юқори малакали шифокорлари бошчилигидаги кардиолог, эндокринолог, акушер-гинеколог, дерматовенеролог, педиатр, терапевт, травматолог, аллерголог, хирург, невропатолог, офтолмалог сингари йигирмага яқин тор соҳада фаолият кўрсатаётган 100 нафарга яқин мутахассислардан иборат гуруҳлар вилоятнинг энг чекка ҳудудлардаги пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексалар, болалар, фертил ёшидаги аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Кўриклар давомида мутахассислар ҳар бир мурожаат қилувчига алоҳида эътибор қаратиб, тўшакда ётиб қолган қариялар ва беморлар ҳолидан хонадонларга бориб хабар олишмоқда. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланади. Жумладан, аҳолининг амбулатор шароитда, туман, вилоят шифохоналари ҳамда республика даволаш-профилактика муассасаларида ўрнатилган тартибда соғломлаштирилади.
Ҳудуд аҳолисига малакали ихтисослаштирилган тиббий хизматни яқинлаштириш мақсади ташкил этилаётган кўриклар давомида мутахассислар ҳар бир мурожаат қилувчига алоҳида эътибор қаратиб, уларга зарур тавсия ва амалий ёрдамларини кўрсатмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўтган йил давомида Сирдарё вилоятида 21 та муассасада (ҚОП, ҚВП ҳамда даволаш профилактика муассасларида) қурилиш-таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. «Обод қишлоқ» дастури доирасида эса соғлиқни сақлаш тизимидаги 11 та муассасада таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жорий йилда ҳам «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 17 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
«Бор меҳримиз шу халқ, шу Ватан учун!» шиори остида ўтказилаётган тадбирлар доирасида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ва мулоқотлар ҳам олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)