Ўзбекистонда ФИФА таснифидаги Жаҳон Чемпионатлари ва УЕФА Чемпионлар Лигаси ўйинлари учун футбол тўплари ишлаб чиқариладиган завод очилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Фурқат Сиддиқов ва Forward Group компанияси раҳбари Хваж Маъсуд Ахтар ўртасида бўлиб ўтган музокараларда маълум қилинган.
Таъкидлаш жоиз, Forward Group спорт товарлари, асосан, футбол тўплари тайёрлайди. Ушбу бренд 2014 ва 2018 йиллардаги Жаҳон Чемпионатлари, қолаверса Европа Чемпионлар Лигаси учун расмий ва ягона тўп етказиб берувчи бўлган. Шунингдек, қўл тўпи, волейбол коптоклари, спорт сумкалари ишлаб чиқариладиган заводларга эга. Айни чоғда замонавий тиббий жарроҳлик воситаларини ҳам ишлаб чиқаради.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда МДҲ ва Европада муқобили йўқ бўлган замонавий корхонани ташкил этиш учун 2017—2019 йилларда Андижонда улкан ишлар амалга оширилди.
Қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ойига 3000 та тўпга тенг. УЕФА, ФИФАнинг жаҳон миқёсидаги ва бошқа нуфузли футбол мусобақалари учун «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида тўплар тақдим этилади.
Маълумотларга қараганда, покистонлик бизнесмен Андижон вилоятида Forward-TH Sports лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилса, компанияси Ўзбекистонда спорт сумкалари ҳамда дунё футбол клублари учун либослар ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишни режалаштираётганини билдирди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)