2018 йилдан эътиборан Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги аралаш таркибдаги ҳарбий қисм аскарлари ўртасида ўн бешдан зиёд йўналиш бўйича ўтказиб келинаётган «Энг илғор мутахассис» кўрик-танлови орқали ёш мутахассисларнинг касбга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилади.
Нукус полигонида гарнизондаги ҳарбий қисмлардан бирининг артиллерия мутахассислари ўртасида ана шундай кўрик-танловнинг биринчи босқичи муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Шиддатли беллашувларда муддатли ҳарбий хизматчилар бир неча ой давомида артиллерия қуролларидан оқилона фойдаланиш ва нишонларни аниқ мўлжалга олиб, йўқ қилиш кўникмаси амалда синалди.
Мусобақа шартидаги кўзда тутилган машқларда аскарлар яккалик ва жамоавий меъёрларни шиддат билан бажариши профессионал кўникма ва бир неча йиллик тажрибага эга бўлган артиллериячиларда ҳам таассурот қолдиргани шубҳасиз.
Жамоа шаъни ва ғалаба учун курашда артиллериячилар «Энг илғор артиллерия мутахассиси» кўрик-танловининг «Стволли артиллерия мутахассиси», «Реактив артиллерия мутахассиси» ҳамда «Миномёт артиллерия мутахассиси» каби номинацияларида қатнашди.
Ғолиб ва совриндорлар тегишли тарзда диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, ҳарбийча анъанага айланган «Артиллерия эстафетаси» баҳслари ҳам мазкур ҳарбий қисм ҳаётида оммалашиб бормоқда.
Бўлинмалар билан ўтказилаётган ушбу мусобақа аскарлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиб, илғорларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
https://www.youtube.com/watch?v=ReHv0xxSw4A&feature=youtu.бе
Изоҳ (0)