Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Марказий ҳарбий округи қўмондонлиги ташаббуси билан 17 июль куни Жиззах вилоятидаги Фориш тоғ полигонида интернет нашрлари ҳамда мустақил фаолият юритаётган журналистлар ва блогерлар ўртасида ҳарбийлашган мусобақа бўлиб ўтди. Бу мусобақа ва пресс-турни Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати ташкил этди. Ушбу пресс-тур ва мусобақада етакчи электрон ОАВ вакиллари, таниқли блогерлар ва бир нечта телеканал ходимлари иштирок этди.
Кеча шу пресс-тур ва мусобақада иштирок этиш учун Марказий ҳарбий округ Фориш тоғ полигонига «Дарё» колумнисти сифатида ҳамда «Бугуннинг гапи» Telegram-канали номидан қатнашдим. Бир гуруҳ журналист ва блогерлар билан ташриф давомида ўқ отиш мусобақасидан ташқари, зирҳланган «Тайфун» ҳарбий машиналарида полигон бўйлаб юрдик, шунингдек, полигонда ҳарбийларимизга яратилган шарт-шароитлар билан танишдик.
Мудофаа вазирлиги миқёсида биринчи марта ўтказилаётган ушбу мусобақа шартларига кўра, журналист ва блогерлар полигонда ўқ отиш машқларини бажариб, ҳар бири пистолетдан мерганлик қобилиятини синовдан ўтказишди. Шу билан бирга, мусобақа иштирокчилари жанговар техникалардаги экипаж таркибида 10 километрга ҳаракатланишда иштирок этди.
Пистолетдан ўқ отиш мусобақасида айрим журналист ва блогерлар мерганликда ҳарбийлардан қолишмасликларини кўрсатдилар ва юқори балларни қўлга киритди.
Шунингдек, асосий тадбирда ҳарбий оркестр ва қўл жанги чиқишларини томоша қилдик. ОчиғI, қўл жанги чиқишларини авваллари фақат кадрда томоша қилганман. Жонли томоша қилганда анча қизиқарли бўларкан. Шунингдек, қўл жанги чиқишларида иштирок этган ҳарбийларнинг қанчалик чиниққан ва машқларда тобланганларини шу қўл жанги чиқишларида кўрдик.
Танлов якунида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Ойбек Саидов билан давра суҳбати ўтказилди ва отиш тайёргарлигидан энг юқори натижа кўрсатган икки нафар журналистга қўмондоннинг махсус совғаси топширилди.
Давра суҳбати анча қизиқарли тарзда ўтди. Полковник Саидовнинг сўзларига кўра, ушбу пресс-тур ва ОАВ ходимларини таклиф этиб мусобақа ўтказишдан мақсад Ўзбекистон армиясининг салоҳиятини аҳолига билдириш ва уларга Ўзбекистоннинг ишончли қўлларда эканини кўрсатишдир.
Мусобақанинг барча иштирокчиларига эсдалик учун ҳарбий анжомлар берилди.
Шундан сўнг меҳмонлар учун Марказий ҳарбий округ, Жиззах ҳарбий оркестри ва санъаткорлари томонидан концерт уюштирилди.
Полигон ҳарбий ўқув машқлари учун жуда қулай жойда жойлашган экан. Полигон жойлашган ҳудуднинг катта бир қисми дала бўлса, яна бир қисми тоғларга туташиб кетган.
Полигонда нафақат ҳарбий ўқув машқлари учун, балки ҳарбийларнинг машқлардан бўш вақтларида маданий ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам ҳамма шароит аъло даражада қилиб қўйилган.
Полигонда ҳарбийлар учун яратилган шароитларни кўриб армиямиз Марказий Осиёда энг кучли армия, МДҲ мамлакатлари армиялари орасида юқори ўринларда, дунё мамлакатлари армиялари рейтингида кучли элликталикда бўлишини сабабини тушунгандай бўлдик.
Маълумот ўрнида, Марказий ҳарбий округи Президент ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибий бўлинмалари Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий вилоятларида жойлашган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Изоҳ (0)