«Ўзбекистон шаҳарлари ташқи безагида Хитойдан келтирилаётган молларни ишлатиш — бу маданий савия етарли эмаслигидан далолат беради», — дея фикр билдирмоқда Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова. Бу ҳақда Sputnik ёзади.
«Биз шаҳарларимизнинг ўзига хос хусусиятларини билишимиз лозим. Нима сабабдан Самарқанддаги хиёбонни ўзгартиришга уринишмоқда. Ўзгартириш керак эмас. Самарқандни Самарқанд, Бухорони Бухоро қилувчи нарсаларни асраб қолишимиз керак. Ҳар бир замонавий ўзгариш эса миллий анъаналаримиз асосида амалга оширилиши керак», — дея ҳисоблайди Акилова.
Унинг таъкидлашича, ҳар бир шаҳарнинг бош режаси бўлиши керак. Режада шаҳарнинг тарихий қисми ва янги бинолар қурилиши мумкин бўлган қисмлари аниқ кўрсатилган бўлиши шарт ва зарур.
Вазир ўринбосари Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларида ва умуман республикада Хитойдан келтирилган эсдалик совғалар сотилишига доир ҳам ўз фикрларини билдирди.
«Ҳаттоки Венецияда Хитой товарлари муайян масофагача яқинлаштирилмайди. Ўйлашимча, биз, албатта, тартиб ўрнатишимиз даркор. Ҳинд шарфлари, Хитой лаш-лушлари жуда кўпайиб кетди. Ўзимизнинг ҳунармандларимизнинг товарлари бўлса — марҳамат», — деди Акилова.
Изоҳ (0)