Замон шиддат билан ривожланмоқда. Ҳар қадамда ободонлаштириш, ҳар жабҳада тараққий этиш, ҳар соҳада ўсиш кузатилмоқда. Бу ўз-ўзидан инсонларни фаол бўлишга ундайди, шу жумладан, сиёсий партия фаолларини ҳам. Бугун депутатнинг «ухлаб» ётадиган даври ўтди, деб ёзади ЎзА.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу ҳақда сўз борди.

«Бугун сиёсий партия фаоллари амалга оширган ташаббуслар кириб бормаган хонадон йўқ. Аммо бу билан ҳаммасига эришдик, демоқчи эмасмиз. Шу тарзда янада бирдам бўлиб ишлашимиз керак. Жараёнларда асосан ёрдамга муҳтож хотин-қизларга эътибор қаратяпмиз. Ҳудудларда вақтинча ишсиз, касб-ҳунарга эга бўлмаган хотин-қизларга бепул тикувчилик, бичувчилик, тўқувчилик ўргатиладиган ўқув курслари ва тўгараклар ташкил этдик. Мақсадимиз ҳар бир аёлни касбга йўналтириш», — дейди партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Васила Файзиева.

Тадбирда кун тартибига қўйилган қатор мавзулар муҳокама қилинди. Партия аъзоларини янада фаолликка чақириш, ёшларни сиёсий жараёнларга жалб қилиш, аёл депутатлар сонини ошириш ва хотин-қизлардан келадиган мурожаатларни кўриб чиқишда бу янада ижобий самара бериши, энди фаол бўлмаган, ваколати доирасидаги вазифаларни уддалай олмайдиган депутатлар фаолиятидан четлатилиши таъкидланди.

Йиғилиш танқидий, таҳлилий руҳда ўтди.