Куни кеча Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида республика бўйлаб Миллий гвардия бўлинмаларида ҳарбий хизмат олиб бораётган бир қатор ҳарбий хизматчиларга кинолог мутахассислиги бўйича сертификатлар топширилди, бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитаси Миллий Кинология маркази ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик режаси асосида Миллий гвардиянинг мутахассис кинологлари ушбу марказда турли йўналишлар бўйича ўқув курсларига жалб этилиб, малакалари оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий қисмларида мутахассис кинологларнинг кинология касбига доир маҳоратларини ошириш, уларда хизмат итини махсус йўналишлар бўйича қўллаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида ташкил этилаётган ўқув курсларининг якуний имтиҳони давомида ҳарбийлар умумий ҳамда махсус машқ курслари бўйича синовларни ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан бирга топширди.
Итларни ўзига ўргата олиш учун уни танлаш муҳим аҳамият касб этади. Хизмат учун тўғри танланган итлар, ўргатиш жараёнини тезлаштиради ва юқори натижаларга эришишга ишонч бахш этади, — дея фикр билдирди Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Шокиров Пўлатжон.
Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат ўтаб келаётган ҳарбий хизматчилар орасидан кинолог мутахассисларининг мунтазам равишда малакасини ошириш борасидаги ишлар давом этмоқда.
Изоҳ (0)