Тошкентнинг Миробод туманидаги 2-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли бассейн ёпилаётгани ҳақида спортчи болалар, ота-оналар ва мураббийлар 5 июль куни хабар топди, деб ёзади «Nuz.uz».

Фото: «Nuz.uz»

Ота-оналардан бирининг айтишича, илгари ушбу бассейн 110-мактабга қарашли бўлган. Ҳозирда ушбу мактабда миллиардер Алишер Усмонов (унинг ўзи шу мактабда ўқиган) ташаббуси билан катта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бассейн ҳам яна 110-мактаб балансига ўтказилган. Айтишларича, реконструксиядан сўнг мактаб ўқувчилари жисмоний тарбия дарсларида сузиш билан шуғулланади, шу мақсадда бассейн мактабга берилган. Аммо шу пайтгача бассейнга қатнаб келаётган 600 га яқин спортчи болалар, мураббийлар ва бошқа ходимлар кўчада қолган.

Гап шундаки, дейилади хабарда, бу Миробод туманидаги ягона давлат спорт бассейнидир. Энди мураббийларга ва болаларга шаҳарнинг турли бурчаклари — Юнусобод, Учтепа, Шайхонтоҳур туманларидаги бассейнларда шуғулланишни давом эттириш таклиф қилинмоқда. Аммо болаларини бундай узоққа машғулотга олиб бориш учун ҳамма ота-онада ҳам имконият йўқ.

Айни пайтда бассейн билан боғлиқ вазият аниқ-равшан эмас. Спорт вазирлиги бу англашилмовчилик эканлигини, таъмирлаш тугаганидан кейин болалар сузиш билан шуғулланишда давом этишини айтмоқда. Бироқ мураббийлар ва бошқа барча ходимлар (16 киши) аллақачон ишдан бўшатилган.

«…Илтимос, болаларимизнинг мураббийларимиз таркиби раҳбарлиги остида ушбу бассейнда шуғулланиб, турли мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнашиш имкониятини беринг. Бизнинг гапларимиз сизгача етиб боради ва сиз тўғри қарор қабул қиласиз, деб умид қиламиз. Болалар эса келажакда сузиш бўйича эришган натижалари билан сизга миннатдорлик билдиради», — дейилади ота-оналар ва мураббийларнинг Алишер Усмоновга йўлланган хатида.