Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида судья Жамшид Хўжамбердиев раислигида танишининг ўрнига имтиҳонга киришга уринган сохта «абитуриент»га оид жиноят иши кўриб чиқилди.

ТАТУ Фарғона филиали.
Фото: ТАТУ

Маълум бўлишича, Риштон туманида яшовчи Ш.Ғ. учкўприклик таниши Ж.М.нинг Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали сиртқи бўлимига ўқишга топшираётганидан хабар топган. Унга ўзининг олий маълумотли эканлигини, қабул комиссиясини чалғитиб, ўрнига ҳужжат топшириб, имтиҳонга кириш рухсатномаси – қалбаки ДТМ қоғозини олиб, ундан фойдаланган ҳолда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Икки таниш бир гуруҳ бўлган ҳолда жиноий режа тузган.

Тузилган жиноий режага кўра, Ж.М. Ш.Ғ. билан Риштон тумани марказида учрашиб, унга ТАТУ Фарғона филиалига ўқишга кириш учун тайёрлаган тиббий маълумотномаси, коллежни тамомлаганлик ҳақидаги дипломи ва унинг иловасини ҳамда фуқаролик паспортини берган. Ш.Ғ. ушбу ҳужжатларни олиб, ТАТУ Фарғона филиали қабул комиссиясига келган. Ишчи-ходимларга ўзини Ж.М. сифатида таништириб, ҳужжатларни тақдим этиб, абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиб, ўзининг расми туширилган қалбаки ДТМ рухсатномасини олишга эришган.

Ш.Ғ. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб ундан фойдаланишга уринган. Ж.М.га тегишли фуқаролик паспорти ва қалбаки абитуриент рухсатномасини олиб, ТАТУ Фарғона филиалига кириш имтиҳонлари ўтказилаётган Олимпия захиралари коллежи биносига келган. Ж.М.нинг ўрнига имтиҳонга кириб кетаётган вақтида шу ерда хизмат олиб бораётган ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, унга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ш.Ғ. Жиноят Кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилди. Унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Ж.М. Жиноят Кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.