Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасига келиб тушган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг аксарият қисмини уй-жойга доир масалаларни ташкил этмоқда. Яъни боқувчисини йўқотган кексалар, турли оғир вазиятларга тушиб қолган фуқаролар ҳамда оилавий ажримлар натижасида уйсиз қолган аёлларда уй-жойга бўлган эҳтиёж юқори бўлиб қолмоқда.
Журналист Жонибек Маърупов «Дарё»га хабар беришича, бу ҳақда жорий йилнинг 10 июль куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2019 йил ўтган олти ойи давомида амалга оширган ишлари ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда Сенат аъзоси Зайниддин Низомхўжаев бу борадаги асосий муаммоларни санаб ўтди:
— Бундай мурожаатларни ёзган фуқароларимизнинг деярли барчаси ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга мансуб бўлиб, уларда хаттоки кредит асосида имтиёзли уйларни олиш учун имконият мавжуд эмас. Ишсиз ёки кредит тўлаш учун нафақа ёки ойлик иш ҳақи миқдорининг етмаслиги, айниқса, бошланғич тўловни амалга ошириш учун керакли маблағнинг йўқлиги уларни уй-жой билан таъминлаш имкониятини бермаяпти.
Изоҳ (0)