2019 йилнинг 6—8 сентябрь кунлари Хива шаҳрида «Камондан отиш ва миллий ўйинлар халқаро фестивали»ни ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда МОҚ расмий сайтида хабар берилди.
Мазкур фестивални ўтказишдан асосий мақсад йўқолиб бораётган миллий ўйинларни тиклаш, уларни кейинги авлодга етказишга қаратилган.
Ушбу фестивални юқори савияда ташкиллаштириш мақсадида 8 июль куни Миллий олимпия қўмитасига Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси вакиллари Ёсин Тутунжу ҳамда Солиҳ Аксу ташриф буюрди. Уларни МОҚ бош котиби Жасур Матчонов кутиб олди.
«Камондан отиш тарихдан ота-боболаримизнинг севимли машқи бўлиб келган. Биргаликда мана шундай спорт турларини тиклаётганимиздан мамнунман. Мазкур тадбирни ўтказиш учун Хива шаҳри танлаб олингани ҳам бежиз эмас. Бу шаҳар «Очиқ осмон остидаги музей» номи билан ЮНEСКО қарамоғига киритилган. Мана шундай жойда миллий ўйинларимизни тарғиб қилувчи фестиваль ўтказиш эса йўқолиб бораётган қадриятларимизни тиклаш йўлида қилинган самарали ишдир. Бу йилги тадбирда фақат ўзбек миллий ўйинларини олиб чиқиш режалаштирилган. Аммо буни келажакда қўшни ва қардош халқларнинг қадриятларини, ўйинларини бирлаштирувчи фестивалга айлантириш ниятидамиз», — деди Жасур Матчонов.Ўз навбатида халқаро эксперт ҳам фестиваль доирасида олиб борилаётган тайёргарликка баҳо бериб, айтиб ўтилган таклифларга ўз фикрини билдирди.
«Ўзбекистон камондан отиш федерацияси вакиллари менга мусобақа ўтказиш юзасидан тайёрланган тақдимотни кўрсатишди. Ҳақиқатдан ҳам жуда чиройли жой танлаб олинган. Бундай фестивалларни ўтказиш ёш авлодга тарихини англаш учун хизмат қилади. Насиб қилса, бундан ҳам йирик лойиҳалар устида иш олиб борамиз. Дунёда саноқли мамлакатларгина бундай тадбирлар ўтказишади», — деди Ёсин Тутунжу.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)