Барча халқаро стандартларни ўзида акс эттирган сайлов кодекси икки қисм, 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди, бу ҳақда Қонунчилик муаммолари институти хабар қилади.
Хусусан:
— Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун Қонунчилик палатасига махсус ўрин ажратиш тартиби бекор қилинди, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлик (150 нафар) ўринлари сақлаб қолинди;
— сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш тартиби қонун даражасида белгиланди, ягона ҳужжат — сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» бекор қилиниб, муддатдан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришдан фойдаланиш имкони яратилди;
— сайловларни ташкиллаштириш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби жорий этилди;
— сайловчига сиёсий партиялар томонидан имзолар тўплаш жараёнида бир неча номзодлар ёки партияларни қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш имкони берилди;
— сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга + ёки √ ёхуд Х белгисини қўйиши мумкинлиги белгиланди;
— барчанинг танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссиясининг овозларни санаб чиқиш ҳақидаги баённома нусхаларини сайлов участкасида 48 соатдан кам бўлмаган муддатга дарҳол осиб қўйиш тартиби жорий этилди;
— давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов пайтида сайлов округларини тузишдаги сайловчилар сонидаги мумкин бўлган максимал фарқ 10 фоиздан ошмаслиги ҳақидаги қоида назарда тутилди;
— участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниши ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилиши назарда тутилди;
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бир пайтнинг ўзида ўтказилган ҳолларда ягона сайлов участкасини ташкил этиш кўзда тутилди;
— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонун даражасида белгиланди;
— барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларига қўйиладиган талаблар (йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин) мустаҳкамланди;
— участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниши ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилиши тартиби белгиланди;
— Марказий сайлов комиссияси аъзоларига Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзоларига нисбатан қўлланиладиган дахлсизлик тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилиши назарда тутилди.
Изоҳ (0)