Наманган тумани аҳолиси давлат хизматларини ўз ичига энг яхши, сўнги технологик ечимлар ва анъаналарни мужассам этган, замонавий Марказда олиш имконига эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфидаги Давлат хизматлари агентлиги хабар қилади.
«Обод марказ» Дастури доирасида қурилган мазкур марказ биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси, ҳудудий адлия бўлими ҳамда Наманган тумани Давлат хизматлари маркази жойлашган.
Марказ ходимлари туман аҳолисига тезкорлик, қулайлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган 80 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатишдан ҳамиша мамнун.
ДХМ ўзидаёқ ФҲДЁ ва Нотариат органлари хизматларини ва фуқаролик паспортини олиш, ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш имкони мавжуд. Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган инвесторлар учун эса алоҳида дарчалар ҳар доим ҳуқуқий ёрдам беришга ва зарур хизматлари кўрсатишга тайёр.
Зал бўйлаб ўрнатилган белгилар давлат хизматини олишингиз учун қадам-бақадам йўналтиради. Электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олиб кутиш залидаги шинам ўриндиқларга жойлашишингиз мумкин. Мониторлар орқали эса навбатингиз келгани ҳақида хабардор қилиб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.
Янада қулайлик яратиш мақсадида бу ерда болалар ўйингоҳи, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари, кутубхона ҳамда кафе ишлаб турибди. Ташриф буюрувчилар бепул Wi-Fi дан фойдаланиш имконига эга.
Имкониятлари чекланган шахслар учун тегишли аравача ва пандус ўрнатилган. Умуман олганда, ҳар бир фуқарога — алоҳида эътибор, жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари ҳисобга олинган.
Давлат хизматлари агентлиги фуқаролар учун янада қулайликлар яратишда давом этишини билдирди.
Изоҳ (0)