«Дарё»дан янги лойиҳа – «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари».

Newsweek журнали томонидан 2019 йилда жаҳон адабиётининг энг буюк 100 асари рўйхати тақдим этилган эди. Блогер Нурбек Алимов бу асарларнинг энг муҳимлари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтади. Унинг тақризлари китобхонларга энг яхши асарлар ҳақида маълумот топишда, мутолаа учун китоб танлашда ёрдам беради деб умид қиламиз.

Қуйидаги тақриз Рэй Брэдберининг «Фаренгейт бўйича 451 даража» романига бағишланади.

Фото: Google Photos

Флешбэк

Болалик пайтимда бир куни дўстимнинг уйига борсам, ойиси тандирга олов қалаб нон ёпаётган экан. Кўришгани яқинлашдим, салом беришни ҳам унутиб тандир ёнидаги ичи очиқ, ўртасидаги варақлари йиртилиб, шаббода таъсирида елпиниб турган китобга кўзим тушди. Маъмура опа у китобни йиртиб, варақлари ёрдамида тандирга ўт қалаган экан... Югуриб бориб китобни қўлимга олдим, чангларини артиб, устига қарадим, тақдир ҳазилини қарангки, китобнинг номи «Фаренгейт бўйича 451 даража» эди...

Мен опага уйимиздан газета олиб келиб беришни ваъда қилиб, ўша китобни олиб кетдим. Китобни ўқишни бошладим-у, оғзим очилиб қолди: унинг биринчи сўзлариданоқ шу гаплар ёзилган эди: «Ёқиш ҳузур бағишлар эди. Нарсаларнинг ёнишини ва қорайиб, ҳолати ўзгаришини кўришнинг қандайдир бошқача лаззати бор эди...»

Аммо давомида айрим абзацларни қайта-қайта ўқисам ҳам ҳеч нарсага тушуна олмадим. Кейинчалик, ёшим улғайгач, китобни қайта ўқиб чиқиб, у инсоният тарихидаги энг буюк асарлар рўйхатига лойиқ эканини англаб етдим. Зеро, «яхши китобни бирданига тушуна олмайсан».

Фото: Google Photos

Роман ҳақида

«Фаренгейт бўйича 451 даража» китоби фантастик жанрнинг даҳоларидан бўлмиш Рэй Брэдбери томонидан 1953 йилда чоп этилган. Китоб саҳифалари ҳозирда амалга ошган ва ошаётган башоратларга бой. Рэй Брэдбери фантаст ёзувчи бўлса-да, унинг асарлари, ҳикоялари хаёлимда уни ҳақиқий реалистик ва ҳаётий мутафаккир сифатида шакллантиради. Агар у келажак ҳақида ёзишини олиб ташласак, унинг персонажлари, уларнинг характерлари, у очиб берган индивидлар ёнимизда, атрофимизда юрибди. Брэдбери ҳақиқий психологизм устаси, унинг энг ёрқин тарафи мен учун айнан шунда.

ХХ асрнинг фантастик асарларини ўқишнинг ўзи жуда қизиқарли. Чунки ўша даврларда ёзилган фантастика, ҳозирга келиб оддий ҳақиқатга айланмоқда. Бу китоб муқобил тарихнинг олтин жамғармасидан ўрин олган, Оруэлл ва Хаксли китоблари каби классик антиутопия ҳисобланади. Романни ўқир экансиз, сизни муаллифнинг башоратлари ҳозирги кунимизга қанчалик яқин эканини англаш ҳаяжонга солади. Технологиялар ривожланиши билан одамлар бир-бири билан жуда кам жонли мулоқот қиладиган бўлиб қолди. Жуда кўп вақтни телевизор қаршисида ўтказишади, қанақадир виртуал ҳаётда яшашади. Ҳозир биз китобларни ёқмасак ҳам, кам ўқияпмиз, китоб ўқийдиган одамлар ростан ҳам оз ҳозир. Телевизор, компьютер, телефон, интернет боис вақт ҳеч нарсага етмайди. Telegram’да юзлаб бўлар-бўлмас каналларга аъзомиз, ҳар куни тонналаб ахборотни билишимиз керакдай гўё. Қайси машҳур одам кимга уйланди, қиличбоз қизнинг Instagram’и, ким ўлди, ким ажрашди, доллар курси, бензин нархи, Токио ҳайвонот боғида панда боласи туғилди... Аслида биз шу ахборотсиз ҳам тинч яшашимиз мумкин, лекин буни ўйлаб кўришга ҳам вақтимиз йўқ. Пул ишлаб топиш керак, истеъмол қилиш керак, яна кўпроқ топиш керак, кўпроқ истеъмол қилиш керак...

Оқ-қора телевидение асрида, телефон аппаратлари фақат бой хонадонларда бўлган, одамлар кинотеатрларга байрам каби борган йиллар, бизда Орол денгизи «эсон-омон» қуритилаётган даврларни тасаввур қилинг. Айнан шу даврда дунёқарашингизни ўзгартириб ташлашга қодир, ҳозирги кунимизга нисбатан кўзимизни каттароқ очиб қарашга мажбур қиладиган ушбу дурдона асар дунё юзини кўрган.

Фото: Google Photos

Асар бош қаҳрамони орқали биз технологияларсиз бир сония ҳам яшай олмайдиган инсонлар оламига тушамиз. Телефонлар инсонларнинг қулоғида жойлашган, одамлар ҳар қандай транспортда реклама орқали зомбилаштириладиган, телеэкранлар оиладаги ҳар қандай жонли мулоқот ўрнини босадиган олам. Буларнинг бари бундан 66 йил аввал тасвирланган.

Сюжет

Асар қаҳрамони – оддий ўт ўчирувчи ишчи Гай Монтег. Ўзи англамаган ҳолда жамиятни қул қилишда бевосита иштирок этади. У ўт ўчирувчи бўлиб ишласа-да, вазифаси... китоб ёқиш...

Асар қаҳрамонининг кунлари бир хилда – уй–иш–уй шаклида ўтади. Унинг аёли – уй бекаси, кун бўйи телевизорда одамларнинг ҳаёти, уларнинг танишуви, севишиши, уришиши акс этган сюжетни онлайн режимда томоша қилиб ўтиради (ҳозир бундай реалитй-шоулар жудаям кўп ва, энг ачинарлиси, аксар инсонлар қизиқиб томоша қилади бошқаларнинг ҳаётини, шахсий ҳаётини унутган ҳолда).

Монтег ҳар куни ишхонасида оловда китоб ёқади. Чунки ҳукумат китоб одамларнинг бахтига халақит қилади деб ҳисоблайди. Лекин кунларнинг бирида қўшни бўлиб яшайдиган, чин инсонга хос ёрқин ҳиссиётларни ҳис қила оладиган қиз Кларисса билан танишгач, у қилаётган иши хатолигини англай бошлайди, китоб бахтга халақит берши ҳақидаги гапларга шубҳа билан қарай бошлайди. Гай бу беғубор қиз билан танишгач, ҳозир у учун умуман маъносини йўқотган бутун ўтган ҳаётини қайтадан ўйлаб чиқишга мажбур бўлади. Натижада у хотини ва ишини ташлаб кетади, ишидаги бошлиғи Биттини ёқиб юборади, олдинлари китоб ёққани каби...

Монтег шаҳардан қочади, жамият томонидан ажратиб қўйилган, ўзи каби ҳаммадан бошқача ўйлай бошлаган бошқа инсонларни учратади. Улар ичида олимлар ҳам бўлади. Уларнинг мақсади келажак авлод учун минглаб йил давомида инсоният томонидан йиғилган билимларни асраб қолиш эди.

«Фаренгейт бўйича 451 даража» фильмидан кадр

Истеъмолчилар ва «ура-ура»чилар жамиятида олимлар ва Монтег каби танқидий фикрловчи персонажлар, оз бўлса-да, борлигидан хурсанд бўласан. Монтег ва унинг шериклари деспотизм жамиятида, ҳис қилиш, ўйлаш, эркин фикрлаш ҳуқуқи ва ҳаёти мазмуни учун курашга отланади…

Таҳлил

Асардаги деярли ҳар бир қаҳрамон ҳамма нарсага бефарқ қарайди: юлдузли осмон гўзаллигидан тортиб ўзининг яқинларигача. Эрларига, хотинларига ва, энг даҳшатлиси, болаларига. Лекин улар Гончаровнинг Обломови каби кўчага чиқишга, ҳаракат қилишга эринганлар эмас. Улар ишга боради, уларнинг дўстлари, танишлари бор. Улар бахтли бўлган ёки, ҳарқалай, бахтли эканига аллақачон ўзини ишонтирган инсонлар жамияти. Лекин дўстларинг билан фақатгина «Кўрдингми, ‘Уммон’нинг янги клипи чиқибди» ёки « iPhone’нинг янгиси зўр экан» каби сафсата мавзуларда гаплашсанг, ўз аёлингни ёки эрингни севмасанг, уни бегона инсон деб билсанг, бу қанақа бахт? Бунда бахт йўқ.

Дунёда қолган сўнгги китоблар ёқилмоқда, улар кимгаям керак? Ахир ҳеч ким уларни ўқимаса. Ундан кўра янги чиққан сериални, ёки экрандан сенга қараб, ҳозир қандай яхши яшаётганимиз ҳақида гапираётган бошловининг «ҳаётий» кўрсатувини кўрган яхши. Фақатгина бош қаҳрамон унинг юрагини еб ётган саволларга китоблардан жавоб топишни хоҳлайди.

Лекин мен Монтегни ҳам ижобий қаҳрамон дея олмайман: қасддан бўлмаса-да, у қотиллик содир этади... Асардаги ягона ижобий қаҳрамон – табиатнинг гўзаллигидан чин дилдан хурсанд бўла олувчи беғубор Кларисса. Айнан у қаҳрамонимизни юлдузли осмонга тикилиб қараб ҳузурланиш орқали кўп йиллик ментал уйқудан уйғотган эди.

Бу асар дунёсида яхши инсонлар жуда кам, бу оламда омма билан оқим бўлиб сузмасанг, сен ундан аксилижтимоий қарашларга эга инсон сифатида қувиласан. Асарнинг энг асосий постулатларидан бирини қаҳрамонлардан бири бўлмиш Битти айтади: «Инсонлар жамиятдаги бундай бефарқлик ва сохта бахт ҳолатига ўзлари танлаб келган, уларни ҳеч ким мажбурламаган, чунки буни ўзлари онг остида хоҳлаган».

«Фаренгейт бўйича 451 даража» фильмидан кадр

Хулоса

Ҳеч нарса инсонни қайғуриш, фикрлаш, ҳис қилиш ва ўйлашсиз юқори инсонийлик чўққисига кўтара олмайди. Қандай мақсад учун қийналаётганининг сабабини тушуниш эса инсонни ривожланиш босқичининг навбатдаги поғонасига олиб чиқади. Инсонни қийинчиликлардан холи қилиш у ривожланиш хусусиятини йўқотишига олиб келади. Бунда у хавфсиз, бошқарилувчи ва ҳаракатларини олдиндан билиш мумкин бўлган мавжудотга айланиб қолади.

Ўйлайманки, эскирган ва долзарблигини йўқотган асарлар ўрнига инсон ички оламининг энг чуқур ерларигача етиб борувчи бундай асарлар мактаб дастурига киритилиши керак.

Мен учун бу роман холис ва мендан ҳеч нарса талаб этмайдиган устоз кабидир. Сен ўзингни стандартларга ҳайдаганинг сари ҳақиқий «мен»ингни йўқотиб қўясан. Биз – инсонлар ҳар биримиз алоҳида ўзгача оламмиз. Бир хиллик эса бахтга эмас, бефарқликка элтувчи йўлдир.

Романни тўлиқ ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Ҳозирги пайтда дунёдаги кўп муаммолар илдизини тушуниш учун китобда олға сурилган ғоялар ҳақида ўйлаб кўришингизни маслаҳат бераман.

Кўпроқ китоб ўқинг ва ривожланинг, зеро китобдан яхши нарса фақатгина яхши китобдир!

Китобдан иқтибослар:

«Китоблар ҳақида уларнинг муқовасига қараб хулоса чиқарманг»;

«Биз шунчаки ўзимиз ҳеч нарсани англатмаймиз. Муҳими биз эмас, биз миямизда сақлаётган нарсалардир»;

«Сен нима иш қилаётганинг муҳим эмас, муҳими шундаки, ҳар бир қилган ишингга шундай ёндошгинки, унда сенинг бир қисминг қолиб кецин. Шунчаки далада ўт ўраётган одам ва ҳақиқий боғбоннинг ҳам фарқи айнан шунда»;

«Энди сизга тушунарли бўлдими, нима учун китобларни ёмон кўришади ва улардан қўрқишади? Чунки улар ҳаётимиз юзидаги ажинларни кўрсатиб туради»;

«Ҳа. Бўш вақтимиз етарли. Аммо ўйлаш учун вақтимиз борми?»;

«Ҳар бир янги авлод бизга инсоният хатоларини эслатиб турадиган одамларни қолдириб кетади»;

«Китоб ёқишдан ҳам оғирроқ жиноят бор, масалан, уни ўқимаслик».

«Фаренгейт бўйича 451 даража» фильмидан кадр

Қизиқарли фактлар:

- Рэй Брэдбери китобини «Фаренгейт бўйича 451 даража» деб номлашига сабаб, гўёки шу ҳароратда қоғоз ёна бошлайди. Аслида қоғоз Цельсий шкаласи бўйича 450 дан юқори температурада ёна бошлайди. Муаллифнинг тан олишича, бу хатолик юз беришига сабаб, у китобга ном танлаётганда ўт ўчириш бошқармаси мутахассиси билан маслаҳатлашган ва у ҳарорат шкалаларини адаштириб юборган;

- Асар босмадан чиққанидан кўп ўтмай Ballantine Books нашриёти томонидан махсус 200 нусхадан иборат қисми чоп этилган. Қизиқ томони шундаки, китоблар асбест моддаси ишлатилган махсус муқовада чиқарилган бўлиб, ёнғинга чидамли бўлган;

- HTTP протоколининг хатоларини ичида фойдаланувчилар кўпроқ 404 статуси билан тўқнаш келади. Not Found («топилмади») фойдаланувчи томонидан тузилган сўровнома асосида, сервер маълумот топа олмагач кўринадиган хатодир. Яна 403 – Forbidden («тақиқланган») хатосини ҳам кўрсатиши мумкин. Бунда сервер маълумотга эга, лекин у ерга кириш ҳуқуқи чегараланганлиги боис фойдаланувчига очиб бера олмаслигини англатади. Кўплаб шундай хатолар ичида 451 ҳам бор. Бу давлат органлари ёки муаллифлар томонидан саҳифани кўришга тақиқ қўйилганини билдиради. Ушбу хато мақомининг рақами Брэдберининг «Фаренгейт бўйича 451 даража» китобига ишора қилади.

Муаллилф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.