Президентнинг 2019 йил 6 майдаги «Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида тиббиёт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, шифокорларнинг малакасини ошириш, таълим ва илм-фан жараёнларини тиббиёт амалиёти билан интеграция қилиш борасида кенг қамровли вазифаларни амалга ошириш белгилаб берилган эди. Жумладан, Тошкент тиббиёт академиясининг биринчи, иккинчи ва учинчи клиникалари негизида замонавий тиббиёт таълим кластерини яратиш орқали ушбу олий таълим муассасасининг Кўп тармоқли клиникасини ташкил этиш белгиланганди, бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га маълум қилди.
Айни пайтда мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида кўп тармоқли клиника ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан тиббиёт фанлари номзоди Дилдора Рустамова таълим, амалиёт ва илм-фан интеграциясини таъминлашга ихтисослашган ушбу янги Кўп тармоқли клиника директори этиб тайинланди.
Д. Рустамова 1992 йилда Тошкент тиббиёт академиясида ва 2009 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган. Шу вақтгача у Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси бош шифокори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Изоҳ (0)