5 июль куни Мудофаа вазирлигига қарашли олий ҳарбий таълим муассасалари — Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик ва Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртларига ўқишга ҳужжат топширган номзодлар учун давлат тест синовлари ўтказилди, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Тест синовлари пойтахтнинг Юнусобод туманидаги «Ўзэкспомарказ» ва Олмазор туманидаги «Ўзкўргазмасавдо» ҳамда Жиззах олимпия захиралари коллежида бўлиб ўтди. Шундан Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига 1 501, Қуролли Кучлар академиясига 1 655 ва Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртига 500 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, ўз билимини синовдан ўтказди.
«Эсимни танибманки, дадамни ҳарбий либосда кўрганман ва бу шарафли касбга меҳрим тушган. Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттира бошладим. Олий ҳарбий таълим олиш эса энг катта орзуларимдан бири. Мана шу орзу бугун мени шу ерга етаклаб келди», — дейди Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Авазхон Тожибоев.
Мудофаа вазирлиги томонидан вазирликнинг олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни танлаш ягона танлов асосида, яъни кириш тест синовлари натижалари бўйича тўпланган балларга мувофиқ амалга оширилади.
«Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бу йилги тест синовлари катта сиғимли павильонларда ўтказилмоқда. Бу синовларнинг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Тест синовлари ўтказилаётган мазкур иншоотларга замонавий кузатув камералари ўрнатилиб, онлайн кузатув ҳам йўлга қўйилди. Бу павильон ташқарисида ташкил қилинган махсус кутиш жойида ўтирган ота-оналар учун фарзандларининг тест ечиш жараёнини кузатиб боришида ҳам қулайлик яратмоқда», — дейди Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Акмал Ортиқов.
Изоҳ (0)