Андижон давлат университетида 2019—2020 ўқув йилидан мамлакатда биринчи марта қирғиз тили ва адабиёти ихтисослиги учун магистратура таълим йўналишига қабул амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Президентнинг 2019 йил 17 июндаги «2019—2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат параметрлари тўғрисида»ги қарори асосида олий ўқув юртлари бакалавриат ва магистратура йўналишига кириш учун ҳужжатлар қабул қилиш жараёни ҳамда тест синовларига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараён Андижон давлат университетида ҳам юқори савияда ўтказилмоқда.
– Айни кунга қадар университетдаги бакалавриат таълим йўналиши бўйича 36 та, магистратура таълим йўналиши бўйича 20 та ихтисослик бўйича 8 минг нафардан зиёд абитуриентдан белгиланган тартибда ҳужжатлар қабул қилинди, – дейди Андижон давлат университети ректори Акромжон Йўлдошев. – Ҳужжатлар университетнинг асосий биносида қабул қилинмоқда. Жорий йилда ҳар йилгидан фарқли ўлароқ, абитуриентлардан ҳужжатлар соддалаштирилган тартибда қабул қилиниб, ҳужжатнинг қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумот онлайн тарзда веб-сайтга жойлаштириб борилмоқда.
Университетнинг кириш қисми ва бошқа белгиланган жойларига қабул билан боғлиқ, қолаверса, қайси таълим йўналиши бўйича қаерда ҳужжатлар қабул қилиниши ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган махсус стендлар ўрнатилди. Қабул ишларини самарали бўлишини таъминлаш учун зарур жиҳозлар, компьютер воситалари ажратилди.
Қабул комиссиясига муайян малака ва тажрибага эга мутахассислар жалб этилди. Абитуриентларга ҳужжат топшириш олдидан ҳужжатларини назоратдан ўтказувчи, зарур тавсия ва маслаҳатлар берувчи Ахборот-маслаҳат маркази хизмати йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ҳавонинг иссиқлиги ҳисобга олиниб, ҳужжатлар қабул қилинаётган бинода салқин ичимликлар савдоси, тиббиёт ходимларининг навбатчилиги, ота-оналар учун кутиш майдончалари, дам олиш хоналари ташкил этилди.
– Биология таълим йўналиши бўйича кундузги бўлимга ҳужжат топширдим, — дейди абитуриент Гулзира Бегматова. – Ҳужжатларимни топширишда ҳеч қандай қийинчилик бўлмади. Яратилган шароитлардан, айниқса, мен билан бирга келган онам жуда хурсанд бўлди.
Жорий йилда Андижон давлат университетининг бакалавр йўналиши бўйича ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентларнинг кундузги таълим шакли бўйича 2 минг 115 нафари, сиртқи таълим бўйича 875 нафари талабаликка қабул қилинади. Бундан ташқари, магистратура йўналиши бўйича 20 та мутахассислик учун 102 та ўрин ажратилган.
Ушбу йилдан университетида бакалавриат йўналиши бўйича технологик таълим, вокал санъати, чолғу ижрочилиги, рангтасвир, амалий санъат, маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ва бошқариш, психология, ижтимоий-маданий фаолият сингари янги таълим йўналишлари ташкил этилди.
Магистратура таълим йўналиши бўйича мамлакатда илк бор қирғиз тили ва адабиёти бўйича мутахассислар тайёрловчи янги йўналиш ташкил этилганлиги Фарғона водийсидаги таълим муассасалари учун қирғиз тили ва адабиёти бўйича илмий педагогик кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Тест синовлари жараёнининг очиқ ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида танланган биноларга шахсни идентификациялаш воситалари, видеосификация қурилмалари, видеокамералар, абитуриентларнинг ота-оналари кутиш жойларига мониторлар ўрнатилди.