Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмаси Навоий шаҳар жамиятига «Спутник» қўрғони Пушкин кўчаси 4/51-хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Дилрабо Пўлатова ёзма мурожаат қилган.
Фуқаро аризасида 2019 йил 25 июнь куни ёзнинг жазирама иссиқ кунларида малҳам бўлади деб яхши ниятда 2 650 000 сўмга сотиб олган Artel кондиционери уста томонидан ўрнатилаётган вақтда шикастланиб яроқсиз ҳолга келиб қолганидан норозилигини билдирган.
Ушбу мурожаат Федерациянинг Навоий шаҳар мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Натижада, истеъмолчи ҳақиқатан ҳам ҳақ эканлиги, кондиционер ўрнатилиш жараёнида шикастлангани ва яроқсиз ҳолда эканлиги кузатилди. Шундан сўнг истеъмолчига етказилган зарар уста томонидан қопланишига ва истеъмолчининг истагига кўра, янгисига алмаштириб берилишига эришилди.
Шу йилнинг 26 июнь санасида Федерациянинг Навоий вилоят ҳудудий бирлашмасига яна бир мурожаат келиб тушди. Кармана тумани «Боғи шамол» МФЙ да яшовчи фуқаро Умида Қудратова Навоий шаҳрида жойлашган савдо дўконидан 2 700 000 сўмга сотиб олган газ плитаси носоз чиққанидан норозилигини билдирган.
Федерациянинг Навоий шаҳар мутахассислари вазиятни зудлик билан ўрганиб чиқди ва истеъмолчи ҳақ эканлиги ўз исботини топди. Шундан кейин истеъмолчига унинг талабига кўра, газ плитаси учун тўлаган 2 700 000 сўм пул маблағи қайтарилишига эришилди.
Изоҳ (0)