Бугун, 2 июль куни Нукус гарнизонидаги сафарбарлик чақируви резерви батальонида янги таъмирдан чиқарилган ошхона мажмуаси фойдаланишга топширилди, бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Маросимнинг очилиш тантанасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қўмита раиси С.Турманов ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.
Мудофаа вазирлигининг буюртмасига асосан «Айдар Чимбай» қурилиш фирмаси томонидан реконструксия қилинган кенг ва шинам залга эга, замонавий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган 500 дан зиёд ўринга мўлжалланган ошхонанинг таъмири учун жами 6 миллиард сўм пул маблағлари сарфланди. Шунингдек, ошхонада Президент ташаббуси билан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмда ички ишлар органлари ходимлари учун ташкил этилган ихтисослаштирилган ўқув курси тингловчилари учун 50 кишилик алоҳида овқатланиш зали мавжуд. Натижада, илгари батальон хизматчилари ва ўқув курси тингловчилари учун ноқулайлик туғдираётган ошхонадаги зичлик, овқат тайёрлаш ва тарқатишда вужудга келган муаммоларга барҳам берилди.
Ошхонада аутсорсинг тизими асосида «Табассум Нукус» МЧЖ томонидан юқори сифатли хизмат тури йўлга қўйилган. Мажмуада озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, уларга ишлов бериш, таом тайёрлаш, пишириқлар пишириш учун шароитлар муҳайё этилган. Қолаверса, Нукус шаҳридаги ичимлик сувининг ичишга яроқсизлиги сабаб, ошхонага сувни фильтрлаш агрегати ҳам ўрнатилди. Ҳарбий хизматчилар учун бериладиган таомномадан асосан миллий овқатлар ассортименти жой олди. Таом тановул қилинадиган идиш-товоқлар эса энг сифатли хорижий мамлакатларининг тренд корхоналарида тайёрланган.
Изоҳ (0)