Оила муқаддаслиги масъулиятини ҳамма ҳам бирдек тушунавермайди. Айнан мана шунинг натижасида, кўплаб оилалар охир-оқибатда парокандаликка юз тутмоқда, деб «Дарё»га маълум қилади Мажбурий ижро бюросининг ахборот хизмати.
Ширингина бу турмушга кутилмаганда кўз тегдими, эр-хотин орасида тез-тез аразлашлар, гинали гап-сўзлар урчиди. Иккиси тез-тез тортишиб қоладиган бўлиб қолди. 2015 йилда юз берган илк келишмовчилик бора-бора кучайиб борди. Катталар ҳам бу ҳолга ҳайрон эдилар. Муаммо нимада ва унинг ечими нимадан иборатлиги ўзаро маслаҳатларда муҳокама қилинарди. Улар оила аҳиллиги тарафдори эди. Аммо, улар пировардида ажралди. Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти Қўрғонтепа туманлараро суди Ш.Эрматовга ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Ш.Эрматов эса, иш ўрнини тез-тез ўзгартириб, гўё шу орқали, зиммасидаги масъулиятдан қутулмоқчи бўларди. Унинг яшаш хонадонига борган давлат ижрочиларига уй эгалари Ш.Эрматовнинг аниқ манзили, қаердалигини билмаслигини айтарди. Мажбурий ижро бюросининг Булоқбоши туман бўлими томонидан Ш.Эрматовга нисбатан қидирув эълон қилинди. Бу ишга Булоқбоши туман ички ишлар бўлими ҳам бош қўшди. Ва ниҳоят, олиб борилган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида, Ш.Эрматов ўз хонадонига қайтди, унинг оиласи тикланишига муваффақ бўлинди.
Бўлим ходимлари қайта тикланган, хатосини тушуниб етган оила соҳибларини чин дилдан табриклаб, давлатнинг ҳар бир оила мустаҳкам бўлиши йўлида олиб борилаётган сиёсати моҳиятини тушунтириб, уларга бўлимнинг эсдалик совғасини ҳам топширди. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар бўлим томонидан мунтазам равишда олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)