30 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Кўк сарой хиёбонига ўрнатилган бўм-бўш китоб жавони юзасидан Миллий гвардия вилоят бўлими изоҳ берди. Бу ҳақда Zarnews хабар қилади.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббусининг 4-йўналиши ижросини таъминлаш ҳамда ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида 2019 йил 26 июнь куни Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдони ва Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи ҳудудига китоб жавонлари ўрнатган. Ушбу китоб жавонларига турли хил бадиий китоблар қўйилган. Мақсад – жавонда турган китобларни ёшлар бўш вақтида олиб ўқиб, яна жойига қўйиб кетиши керак бўлган.
Аммо бугунги кунгача самарқандликлар томонидан жавондаги китоблар олиб кетилган ҳамда қайтарилмаган. Кўк сарой майдонидаги жавонга икки марта Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи ҳудудидаги жавонга эса уч марта 200 га яқин китоб қўйилган. Китобларни ўғирлатмаслик мақсадида келгусида мазкур жавонларга тўлиқ видео кузатув ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган.
«Ҳурматли фуқаролар! Ушбу жавонлардаги китоблар уйда ўқиш учун эмас, балки китоб жавони ёнидаги ўриндиқларда ўтириб, ўқиб бўлгач яна жойига қайтариб қўйиш учундир. Зеро, сиздан бошқа фуқаролар ҳам ушбу китобни ўқиш иштиёқида юрганини унутманг!»— дейилади изоҳда.
Изоҳ (0)