Бугун, 28 июнь куни Нукус шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида «Ёшлар куни»га бағишлаб Қорақалпоғистондаги куч тузилмаларининг ёш ҳарбийлари ва ходимлари ўртасида «Билимдонлар аренаси» интеллектуал ўйини ўтказилди, бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи билан ҳамкорликда ташкил этилган беллашувда Мудофаа вазирлигининг «Амир Темур издошлари», Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг «Сарҳад», Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Тинчлик посбонлари», Миллий гвардиянинг «Ёш гвардиячилар», Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Қутқарувчилар» ҳамда Давлат божхона қўмитасининг «Божхоначилар» жамоалари билим синашди. Қизғин баҳс ва мунозаларга бой ўтган «Билимдонлар аренаси»да адабиёт, санъат, тарих, каби фанлардан мантиқий саволлар ўртага ташланиб, жамоаларнинг билимлари синовдан ўтказилди.
«Бугунги интеллектуал ўйиндаги беллашув биз ёшларни янаям кўпроқ китоб мутолаа қилишга чорлади. Беллашувда кучли жамоалар иштирок этишди ва биз, офицер ва сержантлардан таркиб топган рақиб жамоалар билан тенгма-тенг беллашдик», — дейди Нукус гарнизонидан муддатли ҳарбий хизматчи Абдулла Саъдуллаев.
Интеллектуал ўйин давомида гоҳ у жамоанинг, гоҳ бу жамоанинг билим даражаси устунлик қилиб, ҳайъат аъзоларининг адолатли сарҳисоби натижасида фахрли 1-ўрин «Қутқарувчилар», 2-ўрин «Божхоначилар» ва 3-ўрин «Тинчлик посбонлари» жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, қимматбаҳо совға ҳамда китоблар билан тақдирланди.
Изоҳ (0)