1 июлдан Ўзбекистон қонунчилигида қандай янгиликлар жорий этилади?
1 июлдан Ўзбекистонда бир нечта янгиликлар жорий этилади. Улар қаторида ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилиши, заргарлик тармоғидаги, шу жумладан маҳаллий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига бериладиган имтиёзлар ўрин олган. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилади
юридик шахслар (Ўзбекистон резидентлари) — улар мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек, уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
жисмоний шахслар (Ўзбекистон фуқаролари) — улар якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга.
Заргарлик учун имкониятлар кенгайтирилади
Президент фармонига биноан заргарлик бўйича лицензияси бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўзи ишлаб чиқарган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга асиллик даражаси изларини қўйиш ҳуқуқи берилди. Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи лицензияга эга якка тартибдаги тадбиркорлар ўз маҳсулотларини мустақил сотиши, аҳолидан қимматбаҳо металлар парчалари, қимматбаҳо тошлар ва буюмларни сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, жисмоний шахслар қиймати 5 минг доллардан кўп бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиши мумкин.
Мобил видеокамерасиз фаолият олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатлар тақдим этилмайди
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан йўл ҳаракати қатнашчилари мобил видеокамерасиз фаолият олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга. ЙПХ ходими хизмат вазифасини амалга оширишда вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланиб олиб бориш ва бу ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларига маълум қилиш ва ҳайдовчини тезликни оширгани ҳақидаги махсус мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириш, талабига кўра мосламанинг қиёслаш сертификатини кўрсатишга мажбур ҳисобланади.
Айдар-Арнасой кўллар тизимининг бўш сув ҳавзалари контурларини танлов асосида ижарага бериш «E-ijro аукцион» ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.
Маҳаллий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар тақдим этилади
Президент қарорига мувофиқ электротехника корхоналарининг ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган технологик ускуналари бўйича тўланган пул маблағларини қайтариш муддати 270 кун этиб белгиланди. Шунингдек, электротехника маҳсулотлари учун кредитларнинг 1 миллион доллардан ошмаган қисмининг фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида, лекин кредит ставкасининг 5 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда икки йил қопланади.
Автомобильда юк ташиш билан шуғулланувчилар аттестациядан ўтиши бекор қилинади
Президентнинг март ойидаги қарорига биноан автомобилда юк ташиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорлар, шунингдек, ушбу фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбарининг малака талабларига мувофиқлик юзасидан аттестациядан ўтиши тўғрисидаги, ҳамда автомобилда йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида транспорт воситалари мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар бекор қилинди.
Изоҳ (0)