Ҳар йили 26 июнь куни анъанавий тарзда республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш тадбири ўтказилиб келинмоқда. Бугун ана шу тадбирнинг навбатдагисида, жами 1 тонна 27 килограмм 911 грамм гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Шу жумладан 7 килограмм 757 грамм героин, 195 килограмм 415 грамм опий, 56 килограмм 140 грамм гашиш, 557 килограмм 398 грамм марихуана, 130 килограмм 18 грамм кўкнор, 80 килограмм 920 грамм каннабис, 263 грамм синтетик наркотик воситалари ҳамда турли хилдаги психотроп ва психофаол моддалар ёқиш йўли билан йўқ қилинди.
Ушбу муаммони ҳал қилиш, бугунги кунда бутун жаҳон ҳамжамияти учун муҳимдир. Бирлашган миллатлар ташкилоти цивилизациянинг асосий таҳдидлари — ядро уруши ва экологик фалокат қаторига гиёҳвандликни расман қўшгани тасодиф эмас. Гиёҳванд моддалар ва уларнинг истеъмоли оқибатлари турли жабҳалардаги миллий манфаатларни рўёбга чиқаришга таъсир қилади. Демографик ва ижтимоий хавфсизликка зарар етказади, натижада бу касаллик таназзулга олиб келади.
Бошқа мамлакатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам наркотик ва психотроп воситалардан ноқонуний фойдаланиш ва улар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳар куни Ички ишлар органлари ходимлари ташқари Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия вакиллари ҳам бундай қонун бузилиши ҳолатларига чек қўймоқда.
Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бош бошқармаси Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси ва унинг жойлардаги ходимлари, республика ҳудудида турли тезкор-қидирув, профилактик, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини доимий равишда олиб бормоқда.
Тарғибот ва ташвиқот тадбирлари доирасида асосан ёшларга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, республиканинг барча олий, ўрта махсус таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида 976 мингдан зиёд талаба ва ўқувчилар иштирок этган «Биз гиёҳвандликка қаршимиз» мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди. Бундай учрашувлар 2153 та корхона, муассаса ва ташкилотларда ташкил этилган бўлиб, уларда ходимларнинг аксарияти ёшларни ташкил этди.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, шу йилнинг 5 ойи мобайнида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 1474 та, хусусан, наркотик моддаларни мамлакат ҳудудига ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ 58 та, таркибида наркотик моддалари бор ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ 336 та, наркотик моддаларни олиб ўтиш билан боғлиқ 538 та, наркотик моддаларни сақлаш билан боғлиқ 531 та жиноий ҳолатлар аниқланган.
Бунда 258 килограмм 516 грамм миқдоридаги турли хил гиёҳвандлик воситалари олинди, шу жумладан, героин 6 килограмм 485 грамни, опий 87 килограмм 710 грамни, гашиш 12 килограм 998 грамни, марихуана 105 килограм 226 грамни, кўкнори 34 килограм 767 грамни, таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган дори-дармонлар 10 килограмм 578 грамни ва психотроп моддалар 751 грамни ташкил қилади.
Айни вақтда ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси ходимлари «Наркотик моддаларнинг суистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича 2016—2020 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар режаси» ижросини таъминлаш бўйича икки босқичли «Қорадори-2019» кенг қамровли тадбирини (биринчи босқич – 1 майдан 30 июнгача, иккинчи босқич – 1 августдан 30 сентябргача) ўтказмоқда. Биринчи босқичда шу кунгача 800 дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Хусусан, мамлакат ҳудудига наркотик моддаларни ноқонуний олиб киришга уринаётган 15 нафар, сотишда 177 нафар, сақлашда 200 нафар ва таркибида гиёҳванд моддалари бўлган ўсимликларни етиштираётган 404 нафар шахс қўлга олинди. Бунда 124 килограмдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари олинди. Шунингдек, ходимлар томонидан республика ҳудудлари бўйича вертолёт ёрдамида назоратли учишлар амалга оширилиб, 200 дан ортиқ ҳолатда 1789 квадрат метр майдонда таркибида наркотик моддалари бор ўсимликлар етиштирилаётгани аниқланиб, йўқ қилинди.
2019 йилнинг 22 май куни «Қорадори-2019» тадбири давомида Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида 20 ёшли Ш.Е. ва 19 ёшли Н.У.лар Ибн Сино маҳалласи ҳудудида 6 килограмм 166,4 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситасини ўзлари билан олиб кетаётган вақтларида қўлга олиндилар. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2019 йилнинг 5 июнь куни Самарқанд вилоятида ўтказилган тадбир давомида қўшни давлатдан ноқонуний йўл билан Lada русумли автомашина бензобаки ичида 1 килограмм 855,9 грамм опийни олиб ўтиб, Самарқанд шаҳри марказида 20 000 долларга сотаётган вақтларида Д.Қ. ва У.I.лар қўлга олиндилар. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
7 июнь куни Андижон вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Асака шаҳри «Барака» маҳалласида яшовчи 39 ёшли Ш.Ж. уйи омборхонасида 1 килограмм 468 грамм «марихуна» гиёҳвандлик воситасини сақлаётганлиги аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)