Мудофаа вазирлиги махсус бўлинма ҳарбий хизматчиларининг «Тошкент денгизи»да парашют билан сувга сакраш бўйича амалий ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўтган 2018 йилда миллий армияда илк бора парашют билан сувга сакраш жанговар машғулоти муваффақиятли амалга оширилган эди.
Ўзбекнинг сара десантчиларининг бу борадаги тажрибаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган навбатдаги машғулотлар Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган «Тошкент денгизи»да амалга оширилди.
Машғулот раҳбари подполковник Алишер Убайдуллаев йўриқномалари асосида етмиш тўрт нафар ҳарбий хизматчи парашют билан сувга сакрашнинг муҳим жиҳатлари, қатъий қонуниятларини ўзлаштирди. Парашютлар яна бир бор назоратдан ўтказилди. Шундан сўнг, белгиланган вақтларда сакраш элементлари кетма-кетлигини тақозо этувчи кўникмаларга эга абжир десантчилар Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Ми-8 ҳарбий вертолёти бортидан жой олди.
Жами 74 нафар десантчи олти гуруҳга бўлинган ҳолда навбатма-навбат сувга сакраш жанговар вазифасини аъло даражада адо этди; сувга шўнғиш чоғида парашют юк халтасини ечиб, соҳилга сузиб чиқди.
Десантчиларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати Қуролли Кучлар Бош Штаби жанговар тайёргарлик бош бошқармасининг масъул офицерлари томонидан кузатиб борилди.
Ушбу машғулот, энг аввало, илк бор сувга сакраётган десантчининг ўз имкониятларини кенгайтириши, ҳар қандай вазиятда жанговар шай ҳолатда бўлишини таъминлаши билан аҳамиятлидир.
Изоҳ (0)