Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг очиқ суд мажлиси Зафаробод тумани, «Ёрқин» ШФЙ биносида Ўтамуродов Улуғбек ҳамда Ўтамуродов Умматларга оид ишни кўриб чиқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг раиси А.Хомидов «Дарё»га хабар берди.
Ўтамуродов Улуғбек Комилжонович Зафаробод тумани, Ёрқин ШФЙ, Боғдон кўчаси 7-уйда яшаб келган. У Зафаробод туманидаги «Бобур-Уммат» фермер хўжалигида иш бошқарувчи бўлиб ишлаган. Укаси Ўтамурадов Уммат Комилжон ўғли билан билан бир бўлиб, 2018 йил 13 октябрь куни соат 20:00 ларда пахта териб келган тракторларини навбатсиз Зафаробод пахта тозалаш корхонасига киритаётганларида корхона олдида хизмат вазифасини ўтаётган туман ИИБ ЙҲХБ МА ходими С.Бозоров ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Д.Файзуллаевга тан жароҳати етказган.Жиззах вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг хулосасига кўра, Д.Файзуллаевга оғирлик даражасига кўра ўртача оғир тан жароҳати етказилган. С.Бозоровга эса соғлиғининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати етказилган.
Суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда айбига тўлиқ иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий аҳволини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, муқаддам судланмаганлигини, Ёшлар иттифоқи Зафаробод туман Кенгаши раисининг кафолат хати ҳамда Зафаробод тумани «Ёрқин» ШФЙ раисининг судланувчиларга нисбатан енгиллик бериш ҳақидаги илтимосномаси ва жабрланувчиларнинг уларга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олган ҳолда Ўтамуродов Улуғбекка ЖК 105-моддаси 2-қисмининг «в» банди ва 219-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.Ўтамуродов Умматга ЖК 140-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва 219-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб 3 (уч) йил 2 (икки) ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)