«Қибрай авто-мото сервис’’ МЧЖ сотган автомобиль мавжуд техник носозлик туфайли ёниб кетди.

Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри мутасаддиларига навбатдаги ариза келиб тушди.

Чирчиқ шаҳрида яшовчи И.М. 2017 йил 9 ноябрь куни Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган «Қибрай авто-мото сервис’’ МЧЖдан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Cobalt автомобили учун 83 865 970 сўм тўлов қилади. 2017 йил 26 декабрда автомобиль шартномага мувофиқ истеъмолчига топширилади.

Аризачи И.М.нинг мурожаатида қайд этилишича, шундан сўнг турмуш ўртоғи бошқарувида бўлган автомобиль бор йўғи 2199 км юрган холос. Турмуш ўртоғи хорижга ишлаш учун кетганидан сўнг оила аъзоларининг бирортасида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмагани сабабли автомашина бошқа ҳаракатда бўлмаган. Фақатгина автомашинанинг аккумулятори ўтириб қолмаслиги учун вақти-вақти билан машина ўн-ўн беш дақиқа турган жойида қиздириб турилган.

Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

2018 йил 22 сентябрь куни автомашина турган жойида ёниб кетган. Воқеа жойига етиб келган ёнғин хавфсизлик хизматининг хулосалари ва экспертиза хулосасининг натижаларига кўра, автомобилдаги мавжуд электр симларидаги носозлик туфайли ёнғин келиб чиққан. Истеъмолчи бу ҳақда «Қибрай авто-мото сервис’’ МЧЖга маълум қилган, бироқ жамият маъмурияти носоз автомобиль сотганлигини тан олмаган.

Фото: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг аралашуви билан масала қайтадан ўрганиб чиқилди. Натижада суд «Қибрай авто-мото сервис’’ МЧЖ нозоз автомашина сотгани учун истеъмолчига 97 497 380 миқдорида компенсация ҳамда 3 899 896 сўм давлат божи ундириш ҳақида қарор чиқарди. Шу тариқа истеъмолчининг қонуний манфаати ҳимоя қилинди.