Фуқаро авиацияси ўтган асрнинг 20 йилларида бошланиб, тадрижий тарзда саноат ва бошқа кўпгина соҳалар билан ҳамоҳанг ривожланиб келаверди. Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин фуқаро авиацияси жадаллик билан ривожланди. Дунёнинг энг қолоқ мамлакатлари ҳам ўз фуқаро авиацияларини шакллантирди. Одамлар кўпроқ уча бошлади.
XXI асрга ўтиб Ер юзи бўйлаб парвозлар сони кескин ошиб кетди. Бугунги кунда осмонда бир вақтда ўртача 7 500–8 000 самолёт учаётган бўлар экан.
Бу борада мутлақ рекорд 2018 йилнинг 29 июнида қайд этилган. Ўша куни осмонда бир вақтнинг ўзида 19 000 дан ошиқ самолёт ҳаракатланаётган бўлган.
Қизиғи, бир суткада энг кўп парвоз ҳам ўша куни қайд этилган: сутка давомида 202 157 та парвоз амалга оширилган.
Қуйида дунёнинг энг кўп йўловчи ўтказадиган аэропортлари ҳақида маълумот келтирилади. Маълумотлар 2017 йилга тегишли бўлиб, ўтган йили эълон қилинган. 2018 йилда бу рўйхатда катта ўзгаришлар бўлмаган.
1. «Хартсфилд-Жексон» халқаро аэропорти (ATL), Атланта, АҚШ
2017 йилда ўтган йўловчилар сони: 103 902 992
Учиш-қўниш йўлаклари: бешта
«Хартсфилд-Жексон» аэропорти Шимолий, Жанубий ва Марказий Америка, Европа, Осиё, Африка бўйлаб кўплаб халқаро қатновларга эга.
Аэропорт Delta Airlines, AirTran Airways, Shuttle America, Delta Connection, шунингдек, Delta Connection Atlantic Southeat Airlines авиакомпанияларининг асосий таянч нуқтаси ҳисобланади.
2. «Шоуду» халқаро аэропорти (PEK), Пекин, Хитой
2017 йилда ўтган жами йўловчилар сони: 95 786 296
Учиш-қўниш йўлакчаси: учта
Аэропорт йўловчи ўтказиш бўйича жаҳонда 2-ўринда, Осиёда ва Хитойда 1-ўринда туради. Пекиндан 20 километр шимоли-шарқда жойлашган.
«Шоуду» аэропорти Air China авиакомпаниясининг асосий таянч нуқтаси ҳисобланади. Бу аэропортдан Air China авиакомпанияси дунёнинг 120 шаҳрига халқаро парвозларни амалга оширади.
Шунингдек, у Hainan Airlines ва China Southern Airlines авиакомпанияларининг ҳам таянч нуқтаси ҳисобланади.
3. «Дубай» халқаро аэропорти (DBX), Дубай, БАА
2017 йилда ўтган жами йўловчилар сони: 88 242 099
Учиш-қўниш йўлаги: иккита
«Дубай» халқаро аэропорти Бирлашган Араб Амирликларининг энг йирик аэропорти ҳисобланади. У Дубайдан 4 километр жануби-шарқда, ал-Гархуд туманида жойлашган.
«Дубай» халқаро аэропорти қурилишига 5,5 миллиард доллар сарфланган.
4. «Токио» халқаро аэропорти («Ханеда») (HND), Токио, Япония
2017 йилда ўтган жами йўловчилар сони: 84 956 964
Учиш-қўниш йўлаги: тўртта
«Токио» аэропорти Катта Токиога хизмат кўрсатадиган иккита йирик аэропортдан бири ҳисобланади. Унинг яна бир номи – «Ханеда».
«Ханеда» асосан ички қановларга хизмат кўрсатади.
Токионинг иккинчи аэропорти – «Нарита» аэропорти асосан халқаро қатновларга хизмат кўрсатади.
5. «Лос-Анжелес» халқаро аэропорти (LAX), Лос-Анжелес, АҚШ
2017 йилда ўтган жами йўловчилар сони: 84 557 968
Учиш-қўниш йўлакчаси: тўртта
«Лос-Анжелес» аэропорти Калифорния штати ва Лос-Анжелес шаҳрининг асосий аэропорти ҳисобланади. Аэропорт Лос-Анжелес марказидан 16 километр узоқликда жойлашган.
Ушбу аэропортда йўловчиларга тўққизта терминал хизмат кўрсатади. Ушбу аэропортдан дунёнинг бешта қитъасидаги кўплаб шаҳарларга халқаро қатновлар бор.
6. «О’Хара» халқаро аэропорти (ORD), Чикаго, АҚШ
2017 йилда ўтган жами йўловчилар сони: 79 828 183
Учиш-қўниш йўлаги: саккизта
«О’Хара» аэропорти Чикаго шаҳридан шимоли-ғарб йўналишида, 27 километр узоқликда жойлашган. Ушбу аэропорт United Airlines авиакомпаниясининг асосий таянч нуқтаси ҳисобланади. Авиакомпаниянинг бош қароргоҳи ҳам Чикагода жойлашган.
Шунингдек, аэропорт American Airlines авиакомпаниясининг Даллас шаҳридаги «Форт-Уэрт» аэропортида жойлашган асосий таянч нуқтасидан кейинги иккинчи таянч нуқтаси ҳисобланади.
7. «Хитроу» халқаро аэропорти (LHR), Лондон, Буюк Британия
2017 йилда ўтган жами йўловчилар сони: 78 012 825
Учиш-қўниш йўлакчаси: иккита
«Хитроу» аэропорти Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрининг асосий халқаро аэропорти ҳисобланади. Аэропорт йўловчи ўтказиш бўйича Европада 1-ўринда туради. У Лондондан 24 километр ғарб томонда жойлашган.
Йўловчиларга умумий бешта терминал хизмат кўрсатади.
8. «Гонконг» халқаро аэропорти (HKG), Гонконг, Хитой
2017 йилда жами ўтган йўловчилар сони: 72 867 000
Учиш-қўниш йўлаги: иккита
«Гонконг» халқаро аэропорти Гонконг маъмурий бирлигининг асосий аэропорти ҳисобланади. Аэропорт 1998 йилда очилган. Унгача Гонконгга «Каи Так» халқаро аэропорти хизмат кўрсатган.
«Гонконг» аэропорти очилганига унча кўп бўлмаган бўлса ҳам катта ютуқларга эришган ва бир неча марта «дунёнинг энг зўр аэропорти» деб топилган.
9. «Пудун» халқаро аэропорти (PVG), Шанхай, Хитой
2017 йилда жами ўтган йўловчилар сони: 70 001 237
Учиш-қўниш йўлаги: бешта
Ушбу аэропорт Шанхай шаҳрининг шарқий қисмида, Пудун туманида жойлашган. Аэропортда иккита терминал бор.
10. «Шарль де Голль» халқаро аэропорти (CDG), Париж, Франция
2017 йилда жами ўтказган йўловчилари сони: 69 471 442
Учиш-қўниш йўлаги: тўртта.
«Шарль де Голль» аэропорти Париждан шимоли-шарқда 25 километр узоқликда жойлашган. У Бешинчи республиканинг биринчи президенти, ҳарбий-сиёсий арбоб Шарль де Голль шарафига номланган.
* * *
Шунингдек, Амстердамдаги «Схипхол», Далласдаги «Форт-Уэрт», Жакартадаги «Сукарно Хатта» халқаро аэропортлари, Франкфурт халқаро аэропорти, Гуанжоу шаҳридаги «Байюн» халқаро аэропорти, Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропорт, яқинда Истанбулда янги аэропорт қурилгани муносабати туфайли эндиликда фуқаро авиацияси учун ёпиб қўйилган «Отатурк» халқаро аэропортлари йўловчи ўтказиш бўйича дунёнинг йирик аэропортлари ҳисобланади.
Бу рўйхатда МДҲ ҳудудидаги энг йирик шаҳар, Москва шаҳрида жойлашган биронта аэропорт кирмаган. Бунинг сабаби, Москва шаҳрида бир эмас, тўртта аэропорт йўловчиларга хизмат қилади. Шу туфайли ҳам уларнинг биронтаси энг кўп йўловчиларга хизмат кўрсатадиган аэропортлар рўйхатининг юқорироқ қисмида йўқ.
Изоҳ (0)