«Шайтанат» сериалида Анвар, «Кичкина табиб» фильмида Шавкат, «Ойижон» фильмида эса Акбар роли билан танилган актёр Баҳром Матчонов 17 йилдан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, «Ибрат» фильмида суратга тушмоқда.

Фото: Instagram / @bakhrom_matchanov

Актёр Баҳром Матчонов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Суҳбат давомида актёр 17 йил давомида АҚШда яшаб, бирорта фильмда суратга тушмагани сабаблари ҳақида гапириб берди.

Тасаввур қилинг, америкалик актёр Ўзбекистонга келди, ўзбек фильмида ўйнамоқчи. Унга бир эпизодик рол берилди ҳам дейлик, хўш, кейин-чи? Эсингизда борми, ‘Кичкина табиб’ фильмида касал ётган қизалоқнинг уйига француз шифокори келадиган жойи бор. Ўша одам шу биргина ва кичкинагина эпизодда ўйнади. Бошқа жойда, бошқа фильмларда шу шифокорни кўрдингизми? Тўғри, у одам актёр ҳам эмасди, элчихонада ишларди. Лекин актёр бўлган тақдирда ҳам шу кичик эпизоддан нарига ўтолмасди-да...

Мен нима демоқчиман? Америкада актёрлари жуда кўп. Ўша ерда туғилиб ўсган, тили, менталитети тўғри келади. Менимча, Лос-Анжелеснинг ярми актёр. Мен бориб кимни ўйнайман? Ўзлари рол топа олмаяпти-ку?! Мен нима қиламан, 3-қаторда ‘массовка’да тураманми? Бирор съёмкада машҳур актёр Бред Питт ўтиб кетаётган бўлса, мен орқа планда туриб бўлсаям, интернетга ‘Бред Питт билан бирга суратга тушганман’, деб ёзишим керакми? Бу нарса менга уят, қизиқ ҳам эмас. ‘Голливудда юрибман’, деган ном учун бормайман-ку?! Бунда мантиқ йўқ.

Баҳром Матчонов, актёр