Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини яхшилаш ҳамда тиббий маданиятни ошириш мақсадида Андижон Давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари Марҳамат тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли «Юввош» МФЙда жойлашган қишлоқ оилавий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Икки кун давом этган тадбирда педиатр, акушер-гинеколог, терапевт, жарроҳ, онколог, кардиолог, невропатолог, окулист, дерматовенеролог, эндокринолог, лор, травматолог мутахассисларидан иборат жами 22 нафар малакали мутахассислар қатнашди. Унда 845 нафар аҳоли кўрикдан ўтказилиб, 59 нафарида сурункали хасталиклар аниқланди ва уларга керакли маслаҳатлар айтилди. Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 12 нафар фуқароларнинг яшаш жойларига борилиб, ҳолидан хабар олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги «Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича аҳолига соғлом турмуш тарзи, турли сурункали ва юқумли касалликлар, уларнинг олдини олиш бўйича зарур тавсиялар ҳам берилди. Бундан ташқари, туманда ёзги амалиётларини ўтказаётган талабалар томонидан хонадонларда аҳоли тиббий маданиятини ошириш юзасидан тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)