Ихтирочи аёллардан ташкил топган Ўзбекистон делегацияси аъзолари 19 июнь куни Жанубий Кореяга жўнаб кетди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси «Дарё»га хабар берди.
Корея Ихтирочи аёллари Ассоциацияси (КWIА), Корея Интеллектуал Мулк Оффиси (КIPO) ва Халқаро Интеллектуал Мулк ташкилоти (WIPO) томонидан 20 июндан 25 июнга қадар Жанубий Кореяда XII Корея Халқаро Ихтирочи Аёллар Кўргазмаси — КIWIE 2019 ўтказилмоқда.
Халқаро кўргазма ихтирочи аёлларнинг фан ва технология соҳасида эришаётган ютуқлари, тажрибалари ва яратган янги технологияларини ўрганиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилиб келинмоқда. КIWIE 2019 кўргазмасида 30 дан зиёд давлатлардан 400 нафардан ортиқ ихтирочи хотин-қиз техника, технология, тиббиёт, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва саноатнинг турли йўналишлари бўйича ўз ихтиролари ҳамда инновацион ишланмалари билан қатнашади.
Ўзбекистоннинг олима ва тадбиркор аёллари ҳам Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 2018 йилдан буён ушбу халқаро кўргазмада иштирок этиб келмоқда.2018 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган 11-Корея Халқаро Ихтирочи Аёллар Кўргазмаси (КIWIE)да Қўмита томонидан юборилган олима аёллар илк бор Ўзбекистон номидан иштирок этиб, 1 та Grand Prize, 1 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалларни қўлга киритган эди.
Бу йил ҳам Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан 12 нафар иқтидорли хотин-қизлар Жанубий Кореяда жорий йилнинг 20—23 июнь кунлари ўтказиладиган халқаро кўргазма ва форумда қатнашиш ҳамда 24—25 июнь кунлари Ихтирочи Аёллар Академиясида ўтказиладиган ўқув курсларида ўз малакаларини оширишлари учун юборилди.
Изоҳ (0)