Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбари ва мутасаддилари иштирокидаги очиқ мулоқот давом этмоқда, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Кореяга ишга жўнатиш билан боғлиқ муаммолар, уларнинг ечими хусусида батафсил тўхталиб ўтди.
«Аввал Кореяга ишга бориш учун танлов имтиҳонлари бир жойда бўлган, иштирокчилар рўйхати агентликка тақдим этилган ва кимнинг имтиҳонга кириш-кирмаслигини улар ҳал этган. Ҳозир ҳам бу ҳуқуқ вазирликнинг ўзида қолган. Юзага келган нохуш ҳолатлардан барчанинг хабари бор, бу бевосита менинг шахсий айбим ҳам. Ҳолатни икир-чикирларига қадар ўрганишим учун қарийб бир йил вақт кетди», — деб таъкидлади Шерзод Кудбиев.
Вазирнинг таъкидлашича, тизимда ҳар хил йўналишда коррупция бўлган. Иштирокчиларнинг имтиҳондан ўтганига 2—3 ой вақт бўлса-да улар рўйхати Корея базасига киритилмаган. Базага киритилмаганларни кореялик иш берувчилар кўрмайди. Вазирлик тизимида коррупцияга йўл қўйган учта бошқарма бошлиқлари, турли даражадаги масъул ходимлар вазифасидан озод қилинган. Ягона ечим шаффофлик. Бугунги кунда иштирокчилар mehnat.uz сайтига паспорт рақамлари орқали кириб, имтиҳон билан боғлиқ барча маълумотларни олиши мумкин.
«Корея билан юзага келаётган ҳолатларда иккита муаммо бор», — деди Ш.Кудбиев. — Биринчиси имтиҳондан ўтганларнинг билими пастлиги, корейс тилини яхши билмаслиги. Иккинчиси шартнома орқали Кореяга ишга кетганлар у ерга боргач объектив сабаб бўлмаса иш жойини ўзгартирмаслиги лозим. Аксарият борган фуқаролар 6 ой ўтиб иш жойини ўзгартиради. Натижада иш берувчининг ўзбекистонликларга нисбатан ишончи пасаяди. Эндиликда бу ҳолатлар учрамаслиги учун шартнома тузилиб, бажармаганлар жаримага тортилмоқда. Мақсад улардан пул ундириш эмас, Ўзбекистон имижини сақлаш».
Изоҳ (0)