Андижон вилояти, Қўрғонтепа шаҳар, Қўрғонтепа тумани, «Тинчлик» кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро А.Ҳайдаров Андижон шаҳар «Андижон Автотеххизмат» МЧЖ дилер маркази томонидан 2018 йилнинг 19 октябрь куни Cobalt (GS/16MTV) русумли автомобилни сотиб олган, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Маълум бир муддатдан сўнг, фуқаро автомашинада яширин дефект борлигини сезиб қолади ва яроқлилик муддати тугамасдан туриб дилерлик марказига маълум қилади.
Фуқаро «Андижон Автотеххизмат» МЧЖ дилерлик маркази томонидан ўзига юклатилган мажбурият бажарилмаганидан ҳамда етказилган зиённи қоплашдан бош тортиб келаётганидан норозилиги сабабли Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг Андижон шаҳар бўлимига мурожаат қилади.
Жамият мутахассислари томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари ўтказилди. Натижада фуқарога «Андижон Автотеххизмат» МЧЖ томонидан Cobalt (GS/16MTV) машинасидаги барча нуқсонлар ва муаммолар бартараф этилди.
«Агар харид қилишда машинангизни вақтида ололмасангиз ёки автомобилда нуқсонлар аниқланса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси «ишонч телефони» 1091 ёки ҳудудий бирлашмаларга мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)