Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 11-тури доирасида 16 июнь, якшанба куни навбатдаги 4 та учрашув бўлиб ўтади.
Бекободнинг «Металлург» клуби сафарда «Андижон» билан баҳсга киришади. Эслатиб ўтамиз, «Металлург» 12 очко жамғарган ҳолда мусобақа жадвалида 9-ўринда бораётган бўлса, 11-поғонани эгаллаб турган «Андижон» ҳисобида эса 8 очко мавжуд.
Турнинг марказий ўйинида Вадим Абрамов бошқарувидаги Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Рўзиқул Бердиев қўл остидаги Қаршининг «Насаф» жамоасига қарши майдонга тушади. Иккала беллашув ҳам соат 18:00 да старт олади. Маълумот учун, «қалдирғочлар» 10-турда «Металлург» устидан ишончли ғалабани қўлга киритганди (2:0). Қаршиликлар эса ўз майдонида «Локомотив»га имкониятни бой бериб қўйганди (0:1).
Шу куни Миржалол Қосимов бошлиқ Олмалиқнинг ОКМК жамоаси Наманганнинг «Навбаҳор» клубини қабул қилади. Ўйин соат 19:30 да бошланади. Қайд этиш жоиз, олмалиқликлар аввалги турда «Пахтакор»га йирик ҳисобда мағлуб бўлганди (1:4). «Навбаҳор» эса водий дербисида «Андижон» билан дуранг натижага эришганди (1:1).
Турнинг сўнгги баҳсида Шота Арвеладзе қўл остидаги Тошкентнинг «Пахтакор» клуби меҳмонда «Бухоро»ни синовдан ўтказади. Учрашув соат 20:00 да бошланиши белгиланган. Таъкидлаш лозим, «шерлар» 26 очко тўплаб, мусобақа жадвалида етакчилик қилаётган бўлса, «Бухоро» 7 очко билан 13-ўрин билан кифояланиб турибди.
Суперлига
11-тур баҳслари
16 июнь, якшанба
«Андижон»—«Металлург» 18:00
«Бунёдкор»—«Насаф» 18:00
ОКМК—«Навбаҳор» 19:30
«Бухоро»—«Пахтакор» 20:00
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)