Самарқанд шаҳрининг Университет хиёбонида Мустақиллик айёмига қадар велойўлак барпо этилиши ҳақида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги хабар бермоқда.
Аҳолининг маданий дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида Университет хиёбонида ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Лойиҳага кўра, хиёбон бўйлаб аҳолининг кечки сайр қилиши учун икки томонлама велойўлак қурилиб, атрофида замонавий фавворалар барпо этилади. Ёритгичлар ҳам маскан кўринишига мос равишда ўзгартирилади.
Шунингдек, хиёбон маркази турли геометрик шаклдаги манзарали безаклар билан бойитилади. Бундан ташқари, барчани спортга жалб этиш учун турли хилдаги тренажёрлар ўрнатилади. Муҳими, бу юмушлар ҳудуддаги ҳеч бир дарахтга зиён етказмай амалга оширилиб, турли манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
Айни кунда лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди. Дастлаб, Амир Темур ҳайкалидан СамДУ биология факультетигача бўлган лойиҳада белгиланган ишлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳани шу йилнинг август ойида якунлаш режалаштирилган.
Изоҳ (0)