Ўзбекистон Республикасининг Испаниядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ж.Ғаниев БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) қароргоҳида Бош котиб З.Пололикашвилига Ўзбекистоннинг ушбу халқаро ташкилотдаги доимий вакили сифатида ишонч ёрлиғи топширди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Мамлакат раҳбариятининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Европа минтақавий комиссияси 65-мажлисини 2020 йил Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун Бош котибга миннатдорлик билдирилди.
ЖСТ раҳбари Ўзбекистонда туризм соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва уни барқарор иқтисодий ўсишнинг самарали воситасига айлантириш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини қайд этди.
«Ўзбекистон Президенти мамлакатда миллий туризм саноатини ривожлантириш учун қулай иқтисодий шароит яратди», — деб таъкидлади З.Пололикашвили.
З.Пололикашвилининг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда «Ипак йўли» туризм халқаро университетини ташкил этиш бўйича таклифининг қисқа фурсатда амалга оширилгани ва кўплаб мамлакатлар фуқаролари учун виза тартибининг соддалаштирилгани эътирофга лойиқ.
Бош котиб Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Европа минтақавий комиссияси мажлисини Самарқандда ўтказиш бўйича қабул қилинган қарор ташкилотга аъзо барча давлатларга Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳиятини яна бир бор намоён этиш, унинг «Ипак йўли» лойиҳасидаги етакчи ролини кўрсатиш ва хорижий инвесторларни мамлакат сайёҳлик секторига фаол жалб этиш учун қулай имконият бўлишини таъкидлади.
Учрашувда З.Пололикашвили Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонасининг Самарқандда бўлиб ўтадиган ЖСТ тадбири доирасида сайёҳлик соҳаси вакиллари бизнес-форумини ташкил қилиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлади.
Изоҳ (0)