Республика бўйича жорий йилнинг 5 ойи давомида ишлаб чиқаришда 228 та бахтсиз ҳодисалар юз берган, шулардан 61 таси ўлим билан тугаган, 155 таси оқибати оғир ва 11 таси гуруҳий бахтсиз ҳодисаларни ташкил этган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.
2018 йил мисолида олиб қаралса, Республика бўйича йил давомида ишлаб чиқаришда 554 та бахтсиз ҳодиса юз берган, шулардан 164 таси ўлим билан тугаган, 364 таси оқибати оғир ва 26 таси гуруҳий бахтсиз ҳодисаларни ташкил этган. Ушбу бахтсиз ҳодисалар оқибатида 183 нафар ходим ҳалок бўлган, 428 нафари оғир ва 47 нафари енгил тан жароҳати олган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 2019 йилнинг 5 ойи давомида ўтказилган текширув натижаларига кўра 8275 та корхонада 45854 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Улардан 27176 таси меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, 2555 таси меҳнат шартномаси тузилмагани, норасмий равишда ходимлар меҳнатидан фойдаланилгани, 1920 таси иш ҳақи белгиланган муддатларда тўлаб берилмагани, 2016 таси меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби бузилганлиги ҳамда меҳнат қонунчилигига риоя этилмаган бошқа ҳолатлар оқибатида келиб чиққан.
Таҳлилий текширувлар бахтсиз ҳодисаларда асосан қуйидаги омиллар таъсири мавжудлигини кўрсатди:
- иш берувчи томонидан меҳнат муҳофазаси талаблари бажарилмаслиги;
- ходимларнинг меҳнат муҳофазаси қонунчилигидан етарлича хабардор эмаслиги ва шунга мувофиқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этмаслиги;
- ходимларнинг норасмий ишлатилиши;
- меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларига маблағ ажратилмаслиги;
- ходимларни меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқлардан ўтказиш, меҳнат хавфсизлигига ўқитиш ва билимларни текширган ҳолда ишга тайинлаш ташкил этилмаганлиги;
- ходимларнинг белгиланган ме'ёрлар асосида махсус иш кийими, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланмаганлиги;
- иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилмаслиги;
- иш берувчилар томонидан ходимларга хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитлари яратиб берилмаслиги;
- иш берувчи томонидан ходимларнинг меҳнат муҳофазасига риоя қилиши бўйича етарлича назорат ўрнатилмаганлиги.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ушбу қонунбузарликларга нисбатан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган давридаги қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича 6118 та ёзма кўрсатмалар ва 298 та тақдимномалар киритилди, 7262 нафар мансабдор шахсга нисбатан 4899,1 миллион сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.
Бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш жараёнида 2512 та аниқланган камчилик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган 228 та ёзма кўрсатма берилди ҳамда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 207 нафар мансабдор шахсга нисбатан 395543 минг сўмлик маъмурий жарима қўлланилди.
Қолаверса, 2019 йилнинг 5 ойи давомида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан жами 7152 нафар фуқаро мурожаатлари кўриб чиқилиб, шундан 4168 та мурожаат қаноатлантирилган ва 2449 нафар фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган, 2830 нафар фуқарога тегишли маслаҳат ва тушунтиришлар берилган, 447 нафар фуқаронинг жами 2 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳақлари тегишли тартибда ундирилган.
Олиб борилаётган ана шундай чора-тадбирларга қарамай, меҳнат муҳофазасига риоя этмаслик ортидан келиб чиқаётган бахтсиз ҳодисалар сонини кескин камайтириш, уларнинг олдини олиш, бартараф қилиш ва фуқаролар учун тўлиқ хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш масаласи долзарблигича қолмоқда.
Шу боис, меҳнат муҳофазаси бўйича самарали натижага эришиш ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада мақсадли ташкил этиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:
Биринчи, меҳнат муҳофазаси бузилганлиги учун тайинланадиган маъмурий жарималар миқдорини ошириш. Қонунчиликка мувофиқ, ҳозирда бундай ҳолатлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробаридан беш баробаригача жарима тайинланган. Аммо бу жарима миқдори қонунчилик олдида катта жавобгарликка эга бўлмагани сабаб, меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этилишида бепарволик ва ўзбилармонликни келтириб чиқармоқда. Агар бунинг оқибатида инсон ҳаётига таҳдид турганлиги инобатга олинса, амалдаги жарима миқдорининг нақадар арзимаслиги аён бўлади-қолади.
Иккинчи, меҳнат муҳофазаси бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини ва профилактика жараёнларини кучайтириш жоиз.
Учинчи, хавфлилик даражаси юқори бўлган ташкилотлар, шу жумладан, қурилиш жойларида меҳнат муҳофазаси бўйича мунтазам текширув ишларини олиб бориш.
Бугунги кунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва меҳнат қонунчилиги бузилишига йўл қўймаслик борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Давлат меҳнат инспекциясининг (71) 200 06 00 телефон рақамлари, Info@mehnat.uz электрон манзили ва dmi.mehnat.uz сайти сингари ишонч тармоқлари ишга туширилган бўлиб, улар орқали бевосита фуқаролар мурожаатлари қабул қилинади.
Изоҳ (0)