Актёр Ҳабибулла Низомов  «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: Instagram / @habibullanizamov

Режиссёр Рустам Саъдиевнинг «Барон» фильмида рол ижро этган Ҳабибулла Низомов «Барон 2» фильмида роль ижро этмаётгани ҳақида гапириб берди.

«Мени фильмга олинг», деб боришим керак эмас-ку. Агарда чақиришган тақдирда ҳам «Барон 2» фильмида роль ўйнамасдим. Чунки яна шунақа ўзбеклар «бузғунчи», ўзбеклар «террорист», яна худди шу мавзуни кўряпмиз. Instagram’да кўргандим, қора рўмол ўралган, соқол қўйган, қўлида қурол. Нима бўлиши мумкин? Ўзбекни юксакка кўтарадиган фильм бўлганига сиз ишонасизми? Мен ишонмайман! Яна худди шу мавзу!

Москвага борганимда, паспорт назоратига ўзбек паспортини кўрсатганимда, мени очиқ чеҳра билан кутиб олган қиз, паспортимни кўргач, муомаласи ҳам, юзи ҳам ўзгарди. Нима сабаб?! Чунки биз ўзимизни ёмон кўрсатиб юрибмиз. Кўпчилик кино тарбияламайди, фикрларни ўзгартирмайди, дейди. Қандай ўзгартирмайди?! Нима учун болалигимизда қўлимизда автомат билан ўйнаб юрганмиз? Сабаби ўша пайтлар уруш ҳақидаги фильмлар кўп бўларди.

«Жумонг» номли фильм бўларди. Ўшанда  мен «Ўрикзор» бозорида ишлардим. Бозорга келганлар фарзанди учун «қилич» кўтариб чиқиб кетарди. Бу албатта таъсир кўрсатиш! Мисол учун, очиқ-сочиқ юриш қаердан кириб келди?! Мексика сериалларидан таъсирланиб кириб келди. Демак, кино, телевидение бузишга хизмат қиляптими, қиляпти! Фильм ишлашда масъулиятли бўлиш керак деб ўйлайман. Чунки бу тарихда қоладиган нарса.

Кимгадир «яхши кўринаман», ёки «қанақадир унвон оламан», деб Ўзбекистонда бўлган воқеаларни бузиб кўрсатишдан ҳеч қандай манфаат бўлмаслиги керак. Режиссёр холис одам бўлиши керак. Ёки асарни ёзган одам холис бўлиш лозим.

Ҳабибулла Низомов, актёр