Канаданинг Виннипег шаҳрида ота-она тиббий хатолик сабабли бегона бола учун дафн маросими ўтказди. Бу ҳақда The Mirror нашри хабар бермоқда.
19 апрель куни Элис Кинак ва Тони Алагалакнинг янги туғилган ўғли оғир аҳволда Виннипегдаги касалхонага олиб келинган. Шифокорлар чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қололмаган. Бир неча кундан кейин чақалоқнинг жасади дафн этиш учун ота-оналарга топширилган.
15 май куни шифокорлар мотам тутаётган оила билан боғланган ва шифохонада чалкашлик борлигини эътироф этган. Ота-онага бошқа боланинг жасади қайтарилганлиги маълум қилинган. Уларга нима бўлганини батафсил тушунтириш учун қабрдан чақалоқнинг тобутини ковлаб олиш кераклиги таъкидланган.
«Мен буни ким содир этганини ва воқеа айнан қандай содир бўлганлигини билишни истайман», — дейди Алагалак журналистлар билан суҳбатда.
Касалхоналар вакиллари изоҳ билдиришдан бош тортган.
Изоҳ (0)