Шу кунларда Гонконг телевидениесининг бир гуруҳ ижодий ходимлари хизмат сафари билан Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди. Сафардан кўзланган асосий мақсад – ўзбек кураши ҳақида «Тhе legend of martial arts – Кurash» (Кураш – жанг санъатининг афсонаси) деб номланган ҳужжатли фильм яратиш. Ўзбекистон кураш федерацияси бу йўлда гонконглик телеижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда, дея ёзади ЎзА.

Фото: ЎзА

Ўтган ҳафтада Тошкентга етиб келган Гонконг телевидениесининг ижодий ходимлари даставвал миллий терма жамоа машғулотларини тасвирга олди. Шунингдек, меҳмонлар Халқаро кураш ассоциациясининг асосчи раиси, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, замонавий кураш қоидаларини яратган Комил Юсуповдан интервью олди.

Айни пайтда Гонконг телевидениеси ходимлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтаётган кураш бўйича Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган илк халқаро турнирни тасвирга олмоқда.

«Мақсадимиз – кураш фалсафаси, ундаги умуминсоний қадриятларни тараннум қилувчи ҳужжатли фильм яратиш, — дейди делегация аъзоси Рив Танг. Кураш ҳақида айрим маълумотларга эгамиз, негаки уни Гонконгда ҳам яхши билади, сабаби ушбу спорт тури ватанимизда дзюдо, самбо каби яккакураш турлари билан биргаликда ривожланиб бормоқда. Ўзбекистонга келишдан мақсадимиз – кураш ватанига келиб унинг бой тарихи, қадриятлари, фалсафасини яқиндан ўрганиш. Ўзбекистон кураш федерациясида бўлиб, Комил Юсупов билан жуда мазмунли суҳбат уюштирдик. Бухородаги тасвирга олиш ишларимиз ҳам самарали бўлмоқда. Айниқса, Қоракўл туманида фахрий курашчи Нурмуҳаммад Юсуповнинг 74 ёшида 30 марта турникка тортилиши бизни ҳайратга солди. Шу ёшида бундай жисмоний тайёргарликка эга бўлиш учун киши мунтазам ўз устида ишлаши, соғлиги ҳақида қайғуриши талаб қилинади. Шунингдек, курашнинг Ватани бўлган Бухорода кураш мутахассислари ва курашчилар билан интервьюлар уюштираяпмиз. Бу бизга ўз мақсадимизга эришишда қўл келади».

Гонконг телевидениеси ходимлари бугун Бухоро рамзига айланган Арк мажмуасида ҳам тасвирга олиш ишларини давом эттирди.