Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида жойлашган Маданият қишлоғида «Андижон биокимё заводи» очиқ акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Бўстон» болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Очилиш маросимида қатнашган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов оромгоҳда яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишар экан, «Бу ерда ўқувчилар мароқли дам олишлари, ҳам жисмонан, ҳам руҳан куч-қувватга тўлиб, янги ўқув йилида яхши натижаларни кўрсатиши лозим. Шунинг учун ўзлари истаган йўналишлар бўйича турли тўгараклар, ўйинлар ва кўрик-танловлар ташкил этилиб, улар иштирокида табиат манзаралари, тарихий масканлар, ҳайвонот боғига саёҳатлар уюштирилса яхши бўлади», — дея ўз фикр ва таклифларини билдирди.
«Фидокор элегант» МЧЖ қурувчилари томонидан бир йил мобайнида бунёд этилган ушбу оромгоҳнинг қурилиш жараёнларига жамиятнинг 6,5 миллиард сўмлик маблағи сарфланди.
Тадбир давомида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари томонидан ёшлар маънавиятини юксалтиришда илгари сурилган 5 муҳим ташаббус акс этган кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Изоҳ (0)