Давлат раҳбарининг 2017 йил 28 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017—2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тўқимачилик, фармацевтика ва электротехника маҳсулотлари, томчилаб суғориш ускуналари, пластик қувурлар ишлаб чиқариш ташкил этилди, балиқчилик ва туризмни ривожлантириш бўйича имкониятлар ишга солинди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар қилади.
2019 йилда Мўйноқ туманида саноат соҳаси бўйича 12 та, қишлоқ хўжалигида 5 та, хизмат кўрсатиш бўйича 14 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ижтимоий соҳа объэктлари қуриш ва таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган.
«Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу — Мўйноқ аҳолиси. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак», — деган эди Президент Шавкат Мирзиёев.
Шу боис Президент келгуси икки йилда Мўйноқда 20 та кўп қаватли уй қуриш, янги шаҳарча барпо этиш бўйича топшириқ берди. Бу ерда замонавий шаҳарсозликдаги барча янгиликларни жорий этиш, намунавий инфратузилма яратиш зарурлигини таъкидлади.
Мана ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тегишли ташкилотлар билан келишган ҳолда Мўйноқ туманидаги «Тўқмоқ ота» жоме масжидининг иморатини замонавий шаҳарсозлик асосида қайта қуришга рухсат олган эди.
6 июнь куни Мўйноқ тумани ҳокимияти, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари, туман аҳолиси иштирокида «Тўқмоқ ота» жоме масжиди янги иморатининг биринчи ғиштини қўйиш маросими бўлди. Унда Мўйноқ тумани ҳокими С.Данияров ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдиновлар иштирок этди.
Изоҳ (0)