АҚШнинг HBO телеканали намойиш этган «Чернобиль» сериали атрофидаги баҳс-мунозаралар тинмаяпти. Олдинроқ «Дарё»да эълон қилинган тақризда ўзбек муаллифлари сериални кўриб, мамлакатда қурилиши мумкин бўлган АЭСда жиддий хавф кўра бошлагани айтиб ўтилган эди. Соҳа мутахассиси, энергетика бўйича илмий тадқиқотчи Сарвар Қурбонов сериални реал ҳаётга таққослаб, ундаги ҳаққоний ва муболаға жиҳатларга эътибор қаратди, шунингдек, Ўзбекистонда АЭС қурилиши борасида ўз фикрларини берди.

Кадр: HBO

Шу йилнинг май ойидан бошлаб HBO телеканали томонидан намойиш этилган «Чернобиль» мини-сериали кўплаб телетомошабинлар эътирофига сазовор бўлди. Рейтингда ўта юқорилаётган сериал Ўзбекистонда ҳам катта пропаганда вазифасини бажарди. Нега дейсизми? Чунки юртимизда Россия билан ҳамкорликда АЭС қурилиши бўйича шартнома қилинган ва ишлар давом этмоқда. Сериал бу ҳақдаги баҳсларга таъсир ўтказмай қўймади.

АЭС қандай ишлайди?

Атом электр станцияси атом ядроси ажралиб чиқиши натижасида ҳосил бўладиган реакция асосида ишлайди. Ёқилғи сифатида уран ёки плутоний атомлари иштирок этади.

АЭСда урандан фойдаланиш учун руда кукунга айлантирилади. Сўнгра бу кукун металл «таблетка» кўринишига келтирилади — у кичик стерженларга жойланади ва ҳимоя қатлами билан ёпилади. Уран таблеткалари ядровий реакторларнинг фаол ҳудудига жойланади.

Атом ядролари нейтрон ажратиб чиқаради. Нейтронлар янги нейтронларни ҳамда улкан кинетик энергияга эга зарраларни ҳосил қилиб, катта иссиқлик энергияси ажралиб чиқади. Атом реакторида реакция вақтида ажралган энергия иссиқликка айланади ва иссиқлик ташувчига (сувга) ўтади.

Сўнгра иссиқлик ташувчидаги ҳарорат махсус иссиқлик алмашувчи қурилмалар орқали иккинчи контурдаги оддий сувга ўтади ва уни сув буғи ҳолига келтиради. Катта босимли сув буғи турбинани айлантиради. Турбина электр энергияси ишлаб чиқарувчи генераторни ҳаракатга келтиради.

Сериал тўлиқ реалистикми? Йўқ, муболаға ва бадиий тўқима бор

Энди сериалда кўрсатилган нарсалар ҳақиқатга қанчалик яқинлигини кўриб чиқайлик.

Умуман, фильм бўйича фикрларим жуда ижобий, у яхши олинган. Ғарб учун СССР алоҳида бир ёпиқ ҳудуд ва қўрқитиш учун олабўжи вазифасини бажарган. Фильмда қаттиққўллик, ёлғон ва уларнинг натижалари кўрсатилгандек.

Фильмда кўрсатилган ишчи-ходимлар ўз ишининг усталари бўлган, авария нима сабабдан рўй бергани борасида эса ҳали-ҳануз бир тўхтамга келинмаган, чунки фаол зона портлаши эмас, эриши керак эди. Чернобилда эса фаол зона портлаган ва радиоактив материаллар сочилиб кетган.

Фильмда физик мутахассис биринчи келишидаёқ бинога яқинлашмаслик, узоқдан кузатиш, яқинига бориш ўлимга олиб келишини айтади, аммо реалда, архив видеоларидан маълумки, ҳимоя костюми ва респираторлар билан вертолётда авария кўлами видеога олиниб, ҳисобот тайёрланади.

Яна бир нарса. У ерда хизмат қилувчилар ўлими ва турли хилда жабрланиши дунёдаги бошқа АЭС авариялари оқибатларидан сон жиҳатидан жуда кам. Авариялар ва уларнинг оқибатларини солиштириш учун алоҳида материал тайёрлаяпмиз.

Оловни ўчиришга келган ўт ўчирувчилар графитни ушласа, тезда қўли ириб кетади. Бу Ғарб кинематографига хос шаблон. Чунки радиацияни катта дозада қабул қилган одамда 1–2 кунда ДНК бузилиши, терида куйиш аломатлари кузатилиши ва қон кетиши бошланади.

Сериалда кўрсатилгандай, аскарлар билан бино олдида турмаган. АЭС биноси етарли радиус узоқликда постлар билан ўралиб қўриқланган. Авария ҳудудига хизматчилар ва кўнгиллилар киритилган.

Картинада сувни чиқариб ташлаш қувурларининг авария кранини очиш учун кўнгиллилар танланади ва уларни қўриқчилар манзилга кузатиб қўяди. Танлаш вақтида уларга бу муқаррар ўлим эканлиги айтилади. Бу реал воқеа, қаҳрамонларнинг ҳам реал прототиплари бор. Бироқ ҳақиқатда авария ҳудудига кирган уч ходим вазифани аъло даражада бажаради, радиациядан ўлмайди; 20 йиллар ўтгач, улардан бири бошқа сабабларга кўра вафот этади. Қолганлари ҳали ҳам тирик деган маълумот бор.

Кинода кончилар билан ишланган саҳна ҳам жуда қўпол чиққан. Кончилар олдига борган вазир ёши 50 дан ўтган ва ишини кончиликдан бошлаб, кўтарилган одам бўлган. Чин коммунист бўлиб, ҳалоллиги билан кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган. Уни кончилар қаттиқ ҳурмат қилган. АЭСдаги бетон асос тагига ер ости йўли қилиш ишларига вазирнинг ўзи бош-қош бўлган. Кончилар эса респираторларсиз ва ҳимоя костюмларисиз ишламаган. Интернетда бу ҳолат акс этган суратларни кўплаб топса бўлади.

Фильм охирида профессор Легасов аудиокассеталарни ахлат қути ёнига яшириши ҳам ҳақиқатга мос эмас, чунки у ўлик ҳолда топилганида аудиокассеталар ёнида бўлган. СССР қаршилигига қарамай, Ғарб журналистига берган интервью аудиоёзуви, АЭС бўйича турли ишлар ва ўзининг ҳаётий хотираларини ёзиб қолдирган. Бу ҳақда китоблар ва мақолалар чиқарилган.

Чернобилдан олдин ҳам авариялар бўлганми?

Кинода кўрсатилганидек, МАГАТЭ рейтингида Чернобиль ҳалокати рейтинг жиҳатдан баланд ҳисобланади. Аммо катта авариялар СССРда икки марта бўлган холос; шунингдек, бир неча кичик 1 ва 2-даражали авариялар содир бўлган.

Чернобиль АЭС талафоти, норасмий статистикага кўра, АҚШдаги Три-Майл-Айленд АЭС ҳалокатидан кичик бўлган. АҚШ ҳукумати лойиҳалари тўхтаб қолишидан қўрқиб, маълумотларни яширган ва тарқалишига йўл қўймаган. Яъни совет ҳокимиятининг сериалда кўрсатилган хатти-ҳаракатлари аслида ҳар қандай ҳукуматга хос бўлиши мумкин.

Авариялар ўнлаб содир бўлган. Аксарияти – Ғарб давлатларида. Умуман, техникадан фойдаланишда инсон омили ёки техник сабаблар туфайли авариялар содир бўлади, шу аварияларни промзонадан ташқарига чиқармаслик ва вақтида бартараф қилиш кифоя.

Ўзбекистонда АЭС қурилишида қандай хавф ва ютуқлар бор?

Энергетика – иқтисодиётнинг асоси. Ҳозирги вақтда энергетикасиз ҳеч нарсани тасаввур қилиб бўлмайди. Юртимизда кичик тадбиркорлик ривожланиб, аҳолининг яшаш тарзи ўзгарар экан, иқтисодиётимизни ривожлантириш ва яшаш тарзимизни қулайлаштириш учун ҳам энергия керак. АЭС бу масалага қисман бўлса ҳам ечим ҳисобланади.

«Росатом» ва Ўзбекистон ўртасидаги келишув асосида қурилиши режалаштирилган АЭС VVER-1200, 3+ авлод бўлиб, икки ҳимоя қатламига эга; у бир вақтда электр ҳамда иссиқлик энергияси бериши мумкин. 3+ авлод АЭСлари хавфсизлик жиҳатлари аввалги авариядан олинган хулосалар ёрдамида оширилган, техник-иқтисодий кўрсаткичлари юқори лойиҳа ҳисобланади. VVER-1200 реактори иссиқлик нейтронларига ишловчи иссиқлик қуввати 3200 МВт, фаол зонадан иссиқлик ташувчи бор кислотали 16,2 МПа босимли сув. Битта реакторда тўртта горизонтал буғ генератори бўлиб, ҳар бири 1602+12 т/соат 7 МПа босимли қуруқ пар беради.

Турбиналар номинал электр қуввати – 1198,8 МВт. Ўрнатилган қувватдан фойдаланиш коэффициенти – 92 фоиз. Ёқилғини алмаштириш оралиғи – 24 ой. Тўғри хизмат кўрсатилса ва вақтида эҳтиёт қисмлари алмаштирилса, яшаш давомийлиги 60 йил.

Ҳимоясига келсак, фаол ва нофаол ҳимоя тизимларига эга:

- Ер қимирлаши, цунами, тўфон, самолёт қулашидан ҳимояси бор. Реактор залидаги икки қатламли ҳимоя қобиғи радиоактив моддалар атмосферага чиқмаслигини таъминлайди.

- Фаол ҳудуд эришини тутиб қолувчи қисм. Бу, ўз навбатида, ҳалокат кенгаймаслигига хизмат қилади.

- Реакторнинг иш давомидаги ҳолатини баҳолаш тизими;

- Ортиқча иссиқликни чиқариб юбориш авария тиқини.

АЭС 1 кВт*соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ИЭСдан кам сарф қилмайди, асосий сарф унинг хавфсизлигини таъминлайди. Унинг афзалликларидан бири табиатга чиқарилаётган ис газининг йўқлиги ва ёқиш жараёнида кислород талаб қилмаслигидир. Агар хавфсизлик қоидалари амал қилиб, техрегламентдан чиқмай ишлатилса, ўзини оқлайди. Табиий газ ва кўмир захираларимизни эса бошқа мақсадларга ишлатишимиз мумкин бўлади.

Кўп Европа давлатлари АЭСларни тўхтатиши ҳақида бонг уриб, қайта тикланувчи энергия ресурсларига ўтишини мана неча йиллардирки таъкидлаяпти. Бунга сабаблар бор. Биринчидан, қурилган АЭСлар анча эскирган ва замонавий эмас, иккинчидан, дарё ва денгизга қурилган АЭСлар сони кўплигидан сув ҳароратини кўтариб юборган ва АЭС учун етарли ҳароратдаги сув муаммо бўла бошлаган. Сув исиши натижаси сув табиати хавф остида қолган.

АЭС қуриш бирдан катта капитал талаб қилади ва, АҚШ тадқиқотларига ишонадиган бўлсак, 1 кВт қувват учун 5500 доллар маблағ ажратилади. Ҳозирги вақтда Қуёш электр станцияларига аккумуляция билан 1 кВт қувват учун қарийб 4000 доллар пул сарфланади. Юртимиздаги АЭСга 11,3 миллиард доллар сарфланса, ундан 92 фоиз қувватда фойдалансак, бизга 1 кВт қувват 5600 долларга тушади. АҚШн атом энергетика институтининг (Nuclear Energy Institute) 2018 йил ҳисоботига кўра, реактор типларига кўра 1 кВт*соат электр энергия учун ёқилғи нархи 0,68–0,82 центга тушиши аниқланган. Бу нархда ёқилғини қайта ишлаш ва уни қабристонда сақлаш кўзда тутилмаган. Россия АЭСларида, Беллони экспертларининг 2011 йилги тадқиқотларига ишонсак, бу 1,1 центга тушган.

АЭС бизда қурилишини ёқлашимга сабаб – «Росатом» билан шартнома шартларига кўра, бизда ходимлар ўқитилади, тадқиқот институтлари очилади. Бундан ташқари, Қуёш энергиясидан фойдаланиш АЭС, ИЭС ва ГЭСлар каби барқарор эмас. Биз қурилган АЭС олдига промзонани кўчириб, кимё заводларини қуришимиз керак ва шу орқали иқтисодиётимизни кўтариб олишимиз мумкин.

Тўғри, электр энергияси нархи арзонлашмайди, лекин энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ҳаминқадар қондирилади. Юртимиздаги ўзгаришларни эътиборга олсак, АЭС ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни тенг олиб бориш керак, чунки Ўзбекистон серқуёш юрт.

Хулоса ўрнида айтишим мумкинки, бизга АЭС керак. Сериал кўриб, ундаги хавфни ўзимизга кўчириб, қўрқиб ўтириш керак эмас. Хавфли кимё заводларимиз бехато ишлаб турибди. Бундан ташқари, тажрибавий мини-АЭС Қибрайда ишлатилган, бу борада ҳам тажрибамиз бор. Табиий газ захираси 50–70 йилга, кўмир ундан кўпроққа етар экан, келажакни ўйлаб ҳам бошқа энергия манбаларидан фойдаланишмиз керак. У хоҳ атом, хоҳ водород, хоҳ Қуёш, хоҳ шамол энергияси бўлсин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.