«Шайтанат» сериалида Анвар, «Кичкина табиб» фильмида Шавкат, «Ойижон» фильмида эса Акбар роллари билан танилган актёр Баҳром Матчонов 17 йилдан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, фильмда суратга тушмоқда.

Фото: «Дарё»

Актёр Баҳром Матчонов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Суҳбат давомида актёр АҚШдаги ҳаётининг тўртинчи йилида саратонга чалингани ва бу оғир дардни қандай енгиб ўтгани ҳақида гапириб берди.

Бу ҳақда гапиришни умуман хоҳламайман. Қандай касал бўлмасин, даво топишга ишониш керак. Нафақат мен, кўп ўртоқларим, танишларим бу нарсани енгиб ўтган. Ўзини йўқотмаган. Битта сабаб — бола-чақамиз. У вақтда болаларим кичкина эди, «улар кимга қолади», деган табиий савол туғилади.

2006 йил лимфома (саратон) касалига учрадим. У ернинг шифокорларига беш кетдим. Чунки мени на ҳужжатим, на имкониятим бор эди. Шу давлат, унинг тиббиёт дастурлари ёрдам берди. Ҳар бир шифохонада ўзининг ишчиси бор. Ўша ишчи сизнинг олдингизга келиб, ҳужжатларингиз, имкониятингиз борми, тўлов қилишга пулингиз борми, деб сўрайди.

Агарда имкониятингиз бўлмаса, бошқа гуруҳга кирасиз. Шунақа ёрдам беришдики, боз устига улар очиқ-ойдин гапиришади. Яшашни хоҳласанг — яшайсан, ўзингга ишон, бўлди, шундай-шундай қилишинг керак, қабилида иш тутишади. Энг муҳими — ишониш керак.

Баҳром Матчонов, актёр